«Қумтўр иши»: Экс-вице-премьер Алмаз Баатирбеков 280 минг жаримага тортилди

349

Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Қумтўр иши» асосида қўлга олинган собиқ вице-премьер-министр Алмазбек Баатирбековни «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топди. Амалдор 280 минг сом жаримага тортилди.

Махсус хизмат Баатирбековни шу йилнинг 9-июнида қўлга олиб, у МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган. Бироқ кўп ўтмай сиёсатчи тергов билан ҳамкорлик қилиб, уй қамоғига чиқарилган.

Шунингдек, Баатирбеков 28-ноябрда ўтган парламент сайловига №33 Норин округидан қатнашиб, бироқ ғолиб бўлмади.

«Қумтўр иши»

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев 17-майда Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилган.

Юқорида айтилганлардан ташқари махсус хизмат «Қумтўр иши» бўйича собиқ премьер-министрлар Мухаммедкалий Абилгазиев, Ўмурбек Бабанов, Темир Сариев, Жоомарт Оторбаев, собиқ вице-премьерлар Тайирбек Сарпашев, Алмазбек Баатирбеков, президент аппаратининг собиқ етакчиси Данияр Наримбаев ва «Кыргызпатент»нинг собиқ раҳбари Динара Молдошевани қўлга олган.

Шунингдек, куч органлари депутатлар Асилбек Жээнбеков, Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов, Талант Узакбаевни қўлга олган.

Бундан ташқари, МХДҚ Қирғизистоннинг қочқин президентлари Курманбек Бакиев билан Аскар Акаевга қидирув эълон қилган. Қидирув Бакиевнинг ўғли Максимга ва конни ишлатиш шартномаларига алоқаси бор бир қанча амалдорларга ҳам эълон қилинган.

Аскар Акаев дастлаб 2-августда, кейин 19-декабрда Қирғизистонга келиб, МХДҚда сўроқ қилинган. Акаев сўроқдан кейинги суҳбатида унга нисбатан энди ҳеч қандай даъво йўқлигини ва барча ишлар ёпилганини айтган. Бироқ МХДҚ бу маълумотни инкор қилди.

Бундан ташқари, «Қумтўр» ишига боғлиқ собиқ депутатлар Талант Узакбаев билан Исхак Пирматов коррупция бўйича айбдор деб топилган. Иккиси ҳам 300 минг сом жаримага тортилган.