Temirov LIVE: Парламент сайловидаги овозларни санашда «шубҳали уч вазият» аниқланди

Суриштирувчи журналист Болот Темиров жорий йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида овозларни санаб чиқиш бўйича янги суриштирувини эълон қилди.

Унда Марказий сайлов комиссияси эълон қилган рақамлардаги бир қатор номувофиқликларни аниқлаб, сайловчилар овозларининг 11%и кутилмаган ердан пайдо бўлиб, партиялар орасида бўлиштирилган бўлиши эҳтимол деган хулосага келган.

Овоз беришга келган сайловчиларнинг сони

Темиров LIVE қонун бўйича, овоз берганларнинг сони сайлов участкалари ёпилгандан кейин зудлик билан, урналар очилгунга қадар МСКга жўнатилиши керак эканини таъкидлади.

«Қанча фуқаро сайловга қатнашгани бизга айтилгани йўқ», —дейди у.

МСК 23:00дагина сайловчиларнинг 32,82%и — 1 млн 215 минг 527 киши овоз берди деб маълум қилди.

Аммо МСК 15-декабрда эълон қилган сайловнинг расмий натижасига кўра, овоз беришга фақатгина 1 млн 281 минг 622 киши қатнашган. Бу умумий сайловчиларнинг 34,61%ини ташкил қилади.

«Сайлов натижалари порталида эса бу кўрсаткич бундан ҳам юқори – 1 миллион 293 минг 831 тани кўряпмиз. Яъни, берилган бюллетенлар сони бирданига 78 мингтага кўпайган. […] Бу сайловчилар сонининг 6,4 фоизини ташкил қилади. Бу эса бир партия Жогорку Кенешга ўтиб, камида беш мандат олди деган гап», — деди Темиров.

Автоматлаштирилган ҳисобловчи урна (АСУ)

Бундан ташқари, суриштирувчи журналистнинг айтишича, улар «яна бир аномалияни қайд этишган».

Темиров LIVE  АСУдаги маълумотлар ҳеч қандай тарзда ўзгариши мумкин эмас, чунки овозларни компьютер ҳисоблаган - лекин сонлар ўзгариб кетган. Журналистлар АСУнинг 29 ноябрдаги ва 23 декабрдаги маълумотлари ўртасидаги фарқни ҳисоблаб чиқди. Фарқ 34293 овозни ёки 2,8 фоизни ташкил этди.

«Бу сервердаги ва сайтдаги маълумотларни кимдир ўзгартирганлигининг аниқ далили», дейди улар.

 Кузатувчиларнинг кучи

«Кузатувчилар фаол иштирок этиб, шикоятларни бериб турган участкаларда бир қанча партияларнинг натижалари қолган сайлов участкаларидан фарқ қилган ва бу муҳим фарқ. Кузатувчилар фаол бўлган участкаларда «Социал-демократлар» ва «Ата Мекен» кўпроқ овоз олган, «Ата-Журт», «Ишеним» ва «Интимақ» эса камроқ овоз тўплаган», — дейди журналист.