Ўш шаҳрининг турғуни 14 ёшли қизини икки йил давомида «зўрлаб юрган» деган гумон билан қўлга олинди

483
Иллюстратив сурат

Ўш шаҳрининг 39 ёшдаги турғуни ўзининг 14  ёшдаги қизини икки йил давомида «зўрлаб юрган» деган гумон билан қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси 11-декабрда билдирди.

Дастлаб Ўш шаҳар ИИБининг балоғатга етмаганлар билан ишлаш инспекциясининг ходими 14 ёшдаги ўқувчи қизнинг «охирги кунлари руҳан ёмон аҳволда юрганини сезган». Шу сабаб инспектор ўсмир билан мактабда гаплашишга ҳаракат қилган, аммо бундан фойда чиқмаган.

«Аммо, милиция ходимининг бир неча ҳарактлари оқибатида қиз отаси тарафидан бир неча бор зўрланганини ва оғир аҳволда юрганини титраб, йиғлаб айтиб берган», — деб билдиришди шаҳар милициясидан.

Шу сабаб милиция ходими Ўш шаҳар ИИБнинг раҳбариятига рапорт билан мурожаат қилиб, жабрланувчи қиз, отаси ва оиласининг бошқа аъзолари терговга олинган.

Сўроқ вақтида ўсмир қиз биринчи марта 2019-йилнинг июнь ойида отаси тарафидан зўрланганини айтиб берган — ўшанда онаси Россияда меҳнат миграциясида юрган. Аммо жабрланувчи онаси қайтиб келгандан кейин ҳам жиноят давом этаверганини айтган.

Жабрланувчининг айтишича, охирги марта отаси уни 2021-йилнинг 28-ноябрида зўрлаган. Воқеага қариндоши гувоҳ бўлиб қолган. Аммо қизлар отасидан қўрққани сабаб ва «оиланинг ажрашиб кетишидан қўрққанидан» милицияга мурожаат қилишмаган.

Ўш шаҳар ИИБи «Зўрлаш» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, 39 ёшдаги гумондорни вақтинча қамоқ жойига киргизди.

Бундан деярлик бир ҳафта аввал Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманида 31 ёшдаги турғун 16 ёшли ҳамқишлоқ қизни зўрлашда гумонланиб қўлга олинган. Қизнинг отасини айтишича, гумондор ўсмирни Бишкекка машинаси билан етказиб қўйишга ваъда бериб, аммо йўлда «куч қўлланиб зўрлаган». Жабрланувчи қочишга ҳаракат қилганда гумонланувчи уни калтаклаб, қўли ва тишини синдирган.

Жиноятга гумонланган шахс қўлга олинган куни туман милициясининг биноси олдига жабрланувчининг 50ка яқин қариндоши ва ҳамқишлоқлари тўпланган. Улар гумондорни қўлга олиб, чора кўришни талаб қилишган.

Кейин жабрланган қизнинг яқин қариндошлари, туман ҳокими Курманбек Айтибаев, маҳаллий ҳукумат вакиллари, имом, маҳаллий депутатлар, қишлоқ турғунлари ва Оқсоқоллар суди тўпланиб йиғин ўтказишган.

Қишлоқ турғунлари гумондор аввал ҳам «икки қизни зўрлаганини», аммо, «ҳуқуқ тартибот органларига пул бериб, жиноий жавобгарлигидан қутилиб кетганини» айтиб унинг оиласи қишлоқдан кўчиришни талаб қилишган.

Оқсоқоллар суди оила уч кун ичида кўчиб кетсин деган ҳукм чиқарган. Туман прокуратураси қарор ноқонуний эканини айтганига қарамай жиноятда гумонланувчининг оиласи қишлоқдан кўчиб кетишга мажбур бўлган.