Қийноқларга гумонланган Жалолобод вилоят ИИБининг Гиёҳванд моддаларни ноқонуний айлантиришга қарши курашиш хизматининг тўрт ходими ва собиқ ходими Ўш шаҳридаги №25 тергов изоляторига киргизилди. Бундай қарорни 12-ноябрда Ўш шаҳар суди қабул қилди.
«Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг маълумотига кўра, милиция ходимлари Тўқтоғул туманига қарашли Торкен қишлоғининг 28 ёшдаги турғуни Абжал Нурубековни қийноққа олишда гумонланмоқда.
2019-йили Нурубеков гиёҳванд моддаларни сотишда гумонланиб қўлга олинган. Аммо у айбини бўйнига олмай, гиёҳванд моддани унга кимлардир ташлаб қўйганини айтган.
«Терговнинг версияси бўйича, милиционерлар Нурубековни калтаклаб, тепкилаб, бошига пакет кийгизиб, арматура билан калтаклаган. Шу сабаб у ҳушини йўқотиб, бавл қилиб қўйган», — деб билдиришди ташкилотдан.
«Справедливость» ташкилотининг адвокати Нурислам Райимжановнинг айтишича, суд-тиббий ва суд-психиатрик экспертизалар қийноқлар фактларини тасдиқлаган.
Воқеа бўйича «Қийноқлар» моддаси билан судгача тергов очилиб, аммо тергов 2,5 йилга чўзилган. Дастлаб бу иш Жалолободда тергов қилиниб, кейинчалик Ўшга ўтказилган.
Айни вақтда Нурубековга нисбатан гиёҳванд моддаларни сотиш бўйича қўзғалган иш ҳамон тугагани йўқ. Ҳозирда иш Тўқтоғул туман судида кўрилмоқда. Нурубеков эса Ўшдаги тергов қамоғига қамалиб, суд вақтида Тўқтоғул туман ИИБининг вақтинча сақлаш жойига олиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 2-ноябрида Нурубеков суд биносида ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган.
Бош прокуратуранинг маълумотига кўра, Қирғизистонда 2021-йилдан бошлаб қийноқлар бўйича 79 айбланувчининг иштирокида 26 жиноят иши кўриб чиқилган. Уларнинг ичидан 57 киши оқланиб, 18 киши жазо жавобгарлигига тортилган. Яна тўрт иш қисқартирилган.
Судланганларнинг 12си 7 йилдан 12 йилгача озодликдан ажратилган. Унинг 14и ИИВ, тўрт нафари ЖИДХнинг ходимлари.
Шунингдек 2019-йилдан бошлаб 63 қийноқ фактлари қайд этилган. Унинг 12си «жиноят таркиби йўқ бўлгани сабабли» қисқартирилган.