Парламент сайловига бораётган депутат Дастан Бекешев 16-ноябрда Инстаграм аккаунтини бузиб кириш ҳаракати бўлганини билдирди.
«Инстаграм аккаунтимни бузишди, аммо вазиятни назоратга олишга улгуриб қолдик», — деб ёзди у Твиттерига.
Бузиб кириш ҳаракати бўлган куни Бекешев ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали терговдаги видеосини эълон қилган МХДҚни танқид қилган.
Махфий тинглаш ва аккаунтни бузиш
Бу фаоллар ва сиёсатчилар яширин тингланиб, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари бузиб кирилишига дучор бўлган илк ҳолат эмас. Яширин тинглаш бўйича охирги можароли воқеа жорий йилнинг август ойида бўлган. Унда «тингланган» депутатлар орасида Дастан Бекешев ҳам бўлган.
Масалан, «Реформа» партиясининг лидери Клара Сооронкулова ўзининг, шунингдек бошқа юзга яқин фаолнинг, мухолифатчи сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг телефон сўзлашувлари суднинг қарори асосида ИИВ тарафидан тингланганини билдирган.
Ҳуқуқ тартибот органларининг бу ҳаракати жамиятда резонанс яратган. Суддагилар эса телефонларни тинглаш қонуний бўлган деб жавоб беришган.
Бу воқеадан кейин ҳам бир неча юрист ва сиёсатчи телеграм-аккаунтлари бузилганини айтиб чиқишган. Уларнинг орасида адвокат ва депутатликка номзод Нурбек Токтакунов, «Реформа» партиясининг лидери Клара Сооронкулова, юристлар Сания Токтогазиева ҳамда Замир Жоошевлар бўлишган.
Бекешевга нима бўлди?
Депутат Дастан Бекешев 15-ноябрда МХДҚда сўроққа олинган. У ташвиқот штабида балоғатга етмаганларни ишлатиб, уларга сайлов фондига алоқаси бўлмаган манбадан маош тўлаб берганликда гумонланмоқда.
Бекешев тўрт соатга яқин сўроқ бериб, уни президент тарафидан бўлган «административ ресурс қўлланиш» деб атаган.
«Бу административ ресурсдан фойдаланиш, бу ҳақда таъкидлаб айта оламан, чунки менинг Октябрь туманидаги барча рақибларимга бунчалик аралашмайди, ҳатто айрим қонун бузарликларга кўз юмишади», — деб билдирган сиёсатчи.
Унинг рақибларидан бири — собиқ ички ишлар вазири Мелис Турганбаев, иккинчиси — президентнинг жамоатчи маслаҳатчиси Руслан Кидирмишев.
Учи ҳам Бишкекнинг Октябрь туманига қарашли бир мандатли округдан номзод бўлмоқда. Улар 2021-йилнинг 28-ноябрига белгиланган парламент сайловига қатнашмоқда.
Депутат унинг «округ бўйича олдинда бўлаётгани» рақибларига ёқмай, бу уларни маъмурий ресурс қўлланишга туртки бўлган деб ҳисоблайди.
Бекешев 15-ноябрда тарғиботчилари «қўлга олина бошлаганини», уларнинг орасида балоғатга етмаган болалар бўлганини ҳам билдирган. Аммо депутат қўлга олинган болаларнинг унга алоқаси йўқлигини айтган.