«“Иштонсиз” қолмаса бўлди». Бўжўнов «Ош Пирим» директорининг устидан МСКга шикоят қилди

350
Улан Примов / Замирбек Бўжўнов / Абай-Нур Большевиков

№11 Алай сайлов округидан номзод Замирбек Бўжўнов «Ош Пирим» телеканалининг директори Абай-Нур Большевиковнинг устидан Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилди. «Ош Пирим» айни округдан номзод, депутат Улан Примовнинг оиласига тегишли.

МСКга берилган аризада Бўжўнов Большевиков Фейсбук саҳифасида уни қоралаб, «обрўси ва шаънини камситувчи асоссиз маълуомтларни тарқатди» деб ёзилган.

Большевиков Бўжўнов ЎшДУда проректорлик хизматини вақтинча топширганига қарамай ўқув юртнинг ўқитувчилари ва талабаларини «қўлланиб юрганини» билдирган. Шунингдек журналист Бўжўнов «ўзбекистонлик талабалардан 1000-2000 доллардан “доля” олгани бўйича ҳам қинғир ишларини эшитиб юрамиз» деб ёзган.

«Мен ҳақимда ёзган ёлғон эртакларини исботлаб берсин, исботлай олмаса қонун олдида жавоб беради. Кейин кўрамиз оғзига келганни ўтлаб, бурнига келганни хидлаш қандай бўлишини. Примовдан олганларини судларга бериб, “иштонсиз” қолмаса бўлди. Бунга ўхшаган ўпкаси йўқлар бурни ишқаланганда одам бўлади», — деб ёзган Бўжўнов.

Шунингдек номзод Большевиковнинг постини «Ош Пирим»нинг бошқа ходимлари ҳам бўлишганидан норози бўлди. Мазкур пост кейинчалик ўчирилган.

Бўжўновнинг аризаси МСКнинг реестрига қайд этилиб, ишчи гуруҳнинг кўригида турибди.

Большевиков эса «Клооп»га берган интервьюсида Бўжўнов шикоят қилишга ҳақли бўлганини таъкидлаб, номзод аввалроқ «Ош Пирим» ходимларининг обрўсига путур етказувчи пост эълон қилганини билдирди. Унинг айтишича, номзод «Ош Пирим»нинг ходимларини «ювиндихўрлар» деб атаган. Бироқ Бўжўновнинг саҳифасида бу пост ўчирилган.

Парламент сайловига №11 Алай сайлов округидан беш номзод отланмоқда, улар: Улан Примов, Замирбек Бўжўнов, Бакитбек Саипов, Дайирбек Орунбеков ва Улукмирза Тоотаев. Бунга қадар МСК Примовнинг сайлов олдидаги хайрия ишлари учун огоҳлантириш берган.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган. Янги Конституцияга кўра сайлов аралаш тизими билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати, 36 депутат бир мандатли округдан сайланади. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланишади.