Финполнинг собиқ раҳбари Сиймик Жапикеев президент Садыр Жапаровга мурожаат қилиб, 250 минг доллар пора таъма қилишда гумон қилиниб қўлга олинган фаол Мелис Аспековга шафқат қилишни илтимос қилди.
Жапикеевнинг айтишича, Аспеков 250 минг долларни олган бўлса ҳам, пул ҳозир терговда турибди — йўқолиб кетгани йўқ.
«Бироқ, бир [одамнинг] тақдирнинг остида бу [пул дегани] нима? Соғлиғи асаб ортидан жуда ёмонлаб кетди деган маълуомтни ютубдан кўрдим», — деб ёзди у фейсбук саҳифасида.
Собиқ финполчининг айтишича, у Аспеков билан Садир Жапаровнинг онасини дафн қилишга борганда танишган, кейин бир қанча марта митингларда кўрган.
«Менинг шахсий фикрим, ҳурматли Садир ава, Садир Нуркожоевич, шу йигитга ёмон бўлди. Қамоқда илон ҳам ётмасин, Мелисга раҳм қилинг. Қамоқдан чиқариб берсангиз тўғри бўларди деб ўйлаймиз. Менимча Мелис Аспеков ёмон йигит эмас. Қамоқда ётиб ўлиб қолса болалари, оиласига увол», — деди Жапикеев.
Аспеков ва Жапикеевни нима боғлаб туради?
Жорий йилнинг май оийда ижтимоий тармоқларда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов қамоғида ўтирган фаол Мелис Аспеков қийноқларга учрагани ҳақида маълумот тарқаган. Фаолнинг айтишича, Сиймик Жапикеевга қарши кўрсатма олиш учун калтаклашган.
Аспековнинг номидан ёзилган хатда махсус хизматдагилар одамгарчиликка тўғри келмаган усулларни қўлланаётгани айтилган.
Айтмоқчи бўлганим, Сиймик соғ бўлсин — сен иложини топмай, келажаги гумон бўлган ҳукуматнинг ноқулай одами экансан. Яқин орада сени ҳам, менга ўхшаб, бўҳтон жиноят ишини тўқиб, қамаб қўйиши мумкин», — деб ёзилган хатда. .
Ўшанда Жапикеев Аспеков билан қандайдир бир алоқаси борлигини инкор қилган. МХДҚ эса Аспеков қийноққа олингани йўқ деб билдирган.
Кўп ўтмай, 24-майда МХДҚ Аспековга нисбатан яна бир жиноят ишини қўзғаган. Терговнинг версияси бўйича Аспеков аёлдан судланган қариндошини озод қилиб бераман деб 15 минг доллар пул олган.
Аспеков дегани ким?
Мелис Аспеков — 2020-йилнинг октябридаги парламент сайловининг натижасига қарши чиққан митингга қатнашган фаол. Ўшанда ҳозирги президент Садир Жапаров колониядан чиққан.
Фаол Жапаровни очиқ қўллаб, ўзининг ижтимоий тармоқларида ташвиқот ишларини олиб борган. Жапаров премьер-министр бўлгандан кўп ўтмай Аспековга нисбатан бебошлик бўйича суд қарори бекор қилинган.
Аспеков Жапаровни қўллашни давом эттириб, амалдаги президент ва МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев билан алоқаси бор дейилган «Мекенчил» партиясининг аъзоси бўлган. Октябрнинг охирида Садир Жапаровнинг кадр алмаштиришидан норози бўлиб, очлик эълон қилишини айтган.
Ноябрь ойида президентликка номзод Садир Жапаровнинг Чуй вилояти бўйича штабини бошқарганини айтган. Ўша йилнинг декабрида Жапаровнинг мухтор вакили Александр Мошин фаоллар Мелис Аспеков ва Төрөхан Жунусбеков устидан МСКга ва ИИВга ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, улар Жапаровнинг сайлов жараёнидан «ўзларининг шахсий манфаатлари учун» фойдаланишган ва сиёсатчининг штабига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган.
2021-йилнинг январида Мелис Аспеков ва «Ата Мекен» партиясидан номзод бўлган Улан Жураев «Қирғиз темир йўли» ишхонаси раҳбариятидан 250 минг доллар талаб қилишда гумонланиб ушланган. Жураев қамалгунча унга элита вагони ҳадя қилинганини билдирган.
Тергов версияси бўйича, Аспеков Улан Жураев билан бирга «Қирғизкўмир»нинг етакчисини «молия полицияси ишхонани текширади ва раҳбариятга қарши митинг уюштирилади» деб қўрқитган. Кейин президентликка номзод Садир Жапаров Аспековни қўлга олиниши бўйича изоҳ бериб, «Ким бўлмасин — қариндошимми ёки танишимми — бари [қилган ишлари учун] жавоб бериши керак»,— деган.
Жорий йилнинг май ойида Аспеков фейсбук саҳифаси орқали «Садир Жапаров президентлик сайловига Жээнбековлардан 10 млн доллар олган» деб ёзган.
Кўп ўтмай ОАВларда Аспеков Сиймик Жапикеевга қарши кўрсатма берган деган маълумот тарқай бошлаган. Аммо МХДҚ ва Аспековнинг адвокати бу маълумотни инкор қилган.
9-августда Аспеков инфаркт бўлган, шу сабабдан у тергов қамоғидан оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Августнинг сўнгида унинг юрагига жарроҳлиқ амалиёти қилинган.