Қирғизистонда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи объектларни текширишга эълон қилинган мораторий бекор қилинди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.
Муассаса таъкидлашича, Бишкекдаги охирги оммавий заҳарланишдан кейин Давлат санитар-эпидемиология назорат марказининг мутахассислари ўлканинг барча ҳудудидаги жамоат овқатланиш жойларини текширади.
Жамоат овқатланиш жойларини текширишга эълон қилинган мораторий 2018-йилдан бошлаб ишлаётган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24-октябрда «Империя пиццы» кафесида ролли еган 12 киши заҳарланганини билдирган. Эртаси куни 14.30га кўра заҳарланиш натижасида тиббий ёрдам сўраб касалхонага мурожаат қилганларнинг сони Бишкек ва Чуй вилоятида 118га етган.
«Уларнинг орасидан Темир йўлчилар касалхонасининг инфекция бўлимида 10 одам, шаҳар болалар касалхонасида 13 бола даволанмоқда. Тиббиёт ходимларининг айтишича, беморларнинг аҳволи қониқарли. Қолган жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин яшаган манзили бўйича амбулатор даволанишга юборилган», — деб билдиришди вазирликдан.
Муассасанинг маълумоти бўйича, заҳарланганларнинг барчаси кафенинг Бишкекдаги турли филиалларида овқатланишган. Давлат санитар-эпидемиология назорати маркази 25-октябрдан бошлаб «Империя пицца»нинг барча тармоқли кафеларини вақтинча ёпган.
«Биз 35 озиқ-овқатнинг намунасини олиб, лаборатория текширувларини ўтказяпмиз. Бугун кафенинг ходимлари анализ топширишмоқда. Кафе текширувнинг натижаси чиққунга қадар вақтинча ёпилди», — деб билдиришди муассасадан «Азаттык»қа.