Бир неча оммавий ахборот воситалари МСК МХДҚ раиси Камчибек Ташиевнинг укаси, парламент депутатлигига номзод Шайирбек Ташиевнинг устидан тушган шикоятни кўриб чиқади деб ёзишди.
Уларнинг маълумоти бўйича, Камчибек Ташиев Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидаги Барпи қишлоғининг турғунларидан бирига уй совға қилган. Бу уйнинг қурилишини тўлиқ ўз ҳисобидан тўлганини таъкидлаган.
Ижтимоий тармоқларда уй эгасига калит топшириш маросимидаги суратлар тарқалди.
Бироқ қонун бўйича депутатликка номзоднинг яқин қариндошлари ташвиқот вақтида хайрия ишлари билан шуғуллана олмайди.
МХДҚ раисининг укаси Шайирбек Ташиев Жогорку Кенеш депутатлигига номзод. Қолаверса, номзодини шу Жалолобод бир мандатли сайлов округидан қўймоқда.
Шайирбек Ташиев парламент сайловига қатнашиш ниятини 8-октябрда билдирган. Унинг айтишича, депутат бўлишини «халқ хоҳламоқда».
Шайирбек Ташиев нима билан шуғулланади?
Шайирбек Ташиев — давлат хизматларида ишлаган ва шу билан бирга хусусий тадбиркорлик билан ҳам шуғулланади.
Ташиевнинг айтишича, у иш фаолиятини Жалолобод давлат университетининг халқаро алоқалар бўйича бўлимида мутахассис сифатида бошлаган. 2001-йили у Бишкекнинг Октябрь туман маъмуриятида ишлаб, ўша йили Монополияга қарши курашиш давлат агентлигида етакчи мутахассис ҳам бўлган.
2003-2013-йиллари Шайирбек Ташиев «Жалал-Абад» божхонасида ишлаган. Ташиев инспектордан бошқарма етакчисининг ўринбосари лавозимигача кўтарилган.
2013-йили Шайирбек Ташиев акаси Камчибек Ташиевнинг бўшатилишини талаб қилиб, Жалолободда митинг ташкил қилган. Унда митингчилар вилоят маъмурияти биносини босиб олиб, Бишкек — Ўш йўлини тўсишган.
Кейин митингчиларнинг олтисига «оммавий тартибсизликлар» ва «Бебошлик» моддалари бўйича айб қўйилган — уларнинг орасида Шайирбек Ташиев ва Жалолобод вилоятининг амалдаги раҳбари Абсаттар Сиргабаев ҳам бор. 2013-йилнинг декабрь ойида Жалолобод вилоят суди уларни айбдор деб топиб, айбланувчиларнинг ҳар бири уч йилга шартли кесилган.
2020-йилдаги октябрь воқеаларигача Олий суд Шайирбек Ташиев ва бошқа айбланувчиларнинг ҳукмини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга юборган.
Шайирбек Ташиев божхонадан кетгандан кейин Қирғиз-ўзбек-озарбайжон «Жалолобод нефтни қайта ишлаш заводи»ни бошқарган. 2016-йили у Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлиб сайланган.
2020-йили натижаси бекор қилинган парламент сайловига акаси асос солган «Мекенчил» партияси билан қатнашган.
2021-йили Жалолобод шаҳар кенгашига махсус хизмат раҳбарининг ўғли Тай-Мурас Ташиев ҳам «Ата-Журт Кыргызстан» партиясидан мандат олган. Олти ойдан кейин у мандатини топшириш ҳақида ариза ёзган. Бунинг сабабини «сиёсатга аралашишга эрта экан» деб билдирган.
Жамоатчиликда «Ата-Журт Кыргызстан» партияси Камчибек Ташиевга тегишли бўлгани айтилади. Бироқ Ташиев бу маълумотни инкор қилади.
Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади. Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга мувофиқ аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.