Жапаров: Келажак авлодга намуна бўладиган сайлов ўтказишимиз керак

348
Садир Жапаров

Президент Садир Жапаров 28-ноябрда бўладиган парламент сайловида «маъмурий ресурсдан фойдаланилмайди» деб ишонтирди. Бу сўзини у 21-октябрда маҳаллий ҳукумат вакиллари билан учрашувда айтди.

«Олдингиларнинг хатосини қайта-қайта такрорлайвермай, келажак авлодга намуна бўладиган сайловни ўтказишимиз керак», — деди у.

Жапаров олдиндаги сайлов ўлкадаги ижтимоий сиёсий вазиятнинг барқарорлигига «бевосита таъсир қилади» деди. Шу сабаб у бу жараённи хатосиз ва юқори даражада ташкил қилиш керак деб билдирди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари жой-жойлардаги ҳукумат вакиллари, куч органлари ва давлат ходимлари сайловга аралашадиган бўлса, «ишдан олинибгина қолмай, қонун доирасида жавобгарликка тортилади» деб огоҳлантирди. Шунингдек, у бу одамлар бирор бир партиянинг фойдасига ишласа «жазосиз қолмайди» деб ваъда қилди.

«2020-йилнинг октябрь ойида ноқонуний сайловлар, жойларда очиқ қўлланилган маъмурий ресурс ва сайловчиларни пулга сотиб олиш фактлари ҳеч кимни эсидан чиқмаган. Бўлиб ўтган сайловларнинг шайтон ўйинлари барчамизга сабоқ бўлиши керак. Энди сайловни тоза ўтиши ҳаммамизга боғлиқ. Бу бўйича барча масъул ходимлар ўз вазифасини аниқ бажариб, қонунбузарликларга йўл қўймаслигингизни талаб қиламан», — деди у.

Шу билан бирга Жапаров «парламентни люстрациялаш шарти тузилгандан кейин халқнинг ўзи ҳам овозини сотмаслиги керак» деди. Бундан ташқари, номзодларга ва партияларга сайловда диний чақириқлардан фойдаланмасликни эслатиб ўтди.

«Биз самарали сайлов тизимини ишлаб чиқиб, ўсиб келаётган авлодга барқарор, ривожланган давлат бошқарувини қолдиришга мажбурмиз», — деб сўзини якунлади Жапаров.

Ҳозирда Бишкек шаҳрида маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ва қишлоқ ҳукумати раҳбарларининг Республика кенгаши ўтмоқда. У 22-октябргача чўзилади.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади.

Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга мувофиқ аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.