Ўш вилоятининг Новқат туманида уч кун олдин йўл ҳалокатидан жабрланиб комага тушган 24 ёшдаги йигитнинг бугун 15-октябрда никоҳ тўйи бўлиши керак эди. Бу ҳақда «Турмуш» нашри ёзди.
Маълумотга кўра, йигитнинг комага тушиши билан тугаган фалокат 12-октябрь куни соат 21:00 атрофида бўлган. Кўк-Бел қишлоғидан Новқат шаҳрига кетаётган «Лексус LХ 450» машинасининг ҳайдовчиси Чеч-Дөбө қишлоғида йўл четида тўхтаб турган «Хендай Аванте» билан тўқнашган.
Гувоҳларнинг айтишича, «Хендай Аванте»нинг ҳайдовчиси катта тезликда келаётган машинани кўриб йўл четига тўхтаган вақтда «Лексус» келиб урилган. «Лексус»нинг ҳайдовчиси маст ҳолда бўлгани сабаб воқеа жойдан қочиб кетган.
Ҳозирда гумондорни қидирув ишлари бормоқда, жабрланувчи эса ҳушига келмаган.
102.kg порталининг маълумотига кўра, ўлкада июнь ойидан октябрнинг бошигача 699 автоҳалокат содир бўлган. натижада 1 041 одам жароҳатланиб, 93 киши вафот этди.
Йўл ҳалокатларининг сони кўпайгани учун президент Садир Жапаров 2021-йили 14-июнда ИИВга йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш бўйича чоралар комплексини кучайтиришни топширган.