Сеидбек Атамбаев парламент сайловига қатнашиш учун ариза берди

352
Сеидбек Атамбаев

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг катта ўғли Сеидбек (Сейитбек) Атамбаев Чуй вилоятининг №25 Аламудун туман округидан парламент сайловига қатнашиш учун МСКга ариза берди. Унинг номзодини «Социал-демократтар» партияси кўрсатди.

Сеидбек Атамбаев отаси Алмазбек Атамбаевнинг КСДП партияси тарқалиб кетгандан кейин «Социал-демократлар» партиясини бошқара бошлаган.

Ўтган йили натижаси бекор қилинган парламент сайловига Атамбаев партияни олиб борган. «Социал-демократлар» сайловчиларнинг 2,14% овозини олган.

Июль ойида ўтган маҳаллий кенгашга сайловда «Социал-демократлар» Бишкек шаҳар кенгашида беш мандатга эга бўлган. Унда Алмазбек Атамбаевнинг кенжа ўғли Кадир Атамбаев ҳам мандат олган.

Алмазбек Атамбаев криминал Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатишдаги «Коррупцияга» гумонланиб, 2019-йили қўлга олинган — махсус хизмат 7-8-августларда унинг уйини штурмга олган. Бу иш бўйича ҳукм 2020-йили чиқиб, собиқ давлат раҳбари 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ ҳукумат алмашгандан кейин олий суд ишни қайта кўриб чиқишга юборган. Ҳозирда Алмазбек Атамбаев №47 ахлоқ тузатиш колониясида.

Шунингдек, Атамбаев «ноқонуний бойиш», «Қўйтош воқеалари» бўйича «ҳукуматни куч билан босиб олишда», «оммавий тартибсизликлар уюштириш», «одамларни гаровга олиш», «одам ўлдириш», «одам ҳаётига тажовуз қилиш», «ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик», «жиноий даромадларни легаллаштириш», Бишкек ИЭМни модернизациялашдаги «Коррупцияга» ва ўнлаган турк фуқароларига «ноқонуний» қирғиз паспортларини беришда гумонланмоқда — иш судга оширилган.

Бундан ташқари, Атамбаевга 2020-йилдаги октябрь воқеаларида «оммавий тартибсизликлар» бўйича айб қўйилган.

12-октябрга кўра сайловга бир мандатли округдан қатнашишни хоҳлаганларнинг сони 228га етди. Эртага 13-октябрда аризаларни қабул қилиш муддати тугайди.

Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган. Янги Конституцияга кўра сайлов аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхати билан, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.