Жогорку Кенешнинг депутатлари 6-октябрда «Министрлар кабинети ҳақидаги» қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Лойиҳани қабул қилишга 83 депутат розилик берди.
Бироқ йиғинга қатнашган журналистлар парламентда фақат 50дан ошмаган депутат ўтирганини таъкидлашди.
Уларнинг маълумотига қараганда, йиғинга қатнашмаган халқ вакиллари учун ҳамкасблари кнопка босишган. Масалан, депутат Шайлообек Атазов уч ҳамкасби учун овоз берганини журналистларга ўзи айтиб берган.
Депутатлар йиғинга қатнашмаган халқ вакиллари номидан овоз берганини журналистлар эълон қилган видеода ҳам кўриш мумкин.
Қонун лойиҳасида қандай таклифлар бор?
«Министрлар кабинети ҳақидаги» қонун лойиҳасини президент Садир Жапаров таклиф қилган. Ҳозирги министрлар кабинетини президент маъмурияти билан бирлаштириш ҳақида айтилган.
Шунингдек, министрлар кабинетининг раиси президент маъмуриятининг етакчиси ҳам бўлади. Қонун лойиҳасида минкабнинг аъзолари хизмат уйлари билан таъминланади деб ёзилган, бироқ уни хусусийлаштириш тақиқланган.
Минкаб ҳақидаги қонун 5-майда Қирғизистонда янги Конституция қабул қилингани сабаб ишлаб чиқилган. Янги бош қонун қабул қилингандан кейин қонун чиқариш практикаси ҳам алмашган. Энди Жогорку Кенешдан ташқари, президент ҳам қонун лойиҳаларини таклиф қила олади.
Янги Конституция бўйича, ижройи ҳукуматнинг вакили бўлган минкаб тўғридан-тўғри президентга бўйсунади. Фаоллар билан юристлар янги Конституция президентга министрлар кабинетининг, парламент, қолаверса судларнинг устидан бошқаришга чексиз имкон бергани учун кескин танқид қилишган.