Коронавирус юққан қирғизистонликларнинг 70 фоизидан дельта-штамми аниқланди

427

Санитар-эпидемиология назорат департаментининг етакчи мутахассиси Султан Суранбаев охирги уч ойда коронавирус юқтирган қирғизистонликларнинг 70%ы «дельта» штамми билан оғриганини «Азаттык»қа билдирди.

Июль ойигача бўлган оралиқда кўпчилик «британиялик» штамм билан оғриган — 85,6% қирғизистонликларда аниқланган. Яна 14% «жанубий Африка» штаммини юқтирган.

Дельта-штамм нима?

«Дельта» штамми «альфа» вариантига (британиялик штамм) қараганда юқумли ва вакцинанинг таъсирига барқарор экани айтилади. Унда йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, ҳид, таъм сезишнинг йўқолиши каби коронавируснинг классик белгиларига янгилари қўшилган.

Zoe Covid Symptom study’нинг маълумотига кўра, «дельта» бош оғриғи, томоқни ачишиши, бурун битиши каби белгилари билан фарқ қилади. Илмий таҳлилларнинг муаллифи профессор Тим Спектор «дельта» вариантини юқтирган ёшларда тумовнинг оғир турига чалингандай ҳис бўлишини таъкидлади. Шу билан бирга, улар инфекция тарқатувчи бўлиб қолади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, «дельта» қорин оғриғи, юрак ўйнаши, кўнгил айниши, иштаҳанинг йўқолиши, эшитиш ночорлашиши ва бўғинлар оғриғи каби белгиларни чақириши мумкин.

Дельта-штамм ўтган йилнинг куз ойларида Ҳиндистонда аниқланган. Баҳорда касаллик юқтирганлар орасида энг кўп ўлим аниқланиб, дунё бўйича тарқала бошлаган.