ИИВ Орозайим Нарматова ҳукуматни танқид қилгани учун қўлга олинганини тасдиқлади

482
Орозайим Нарматова

«Бутун Кыргызстан» сиёсий партиясининг аъзоси Орозайим Нарматова «Ирқий, этнос, миллатчилик, диний ёки ҳудудлар ўртасидаги низони қўзғатиш» моддаси билан судгача текширув иши очилгани маълум бўлди.

ИИВнинг матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Нарматовага иш ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорсизлантиришга йўналтирилган ноқонуний ишларга нуқта қўйиш мақсадида интернет майдонида олиб борилган мониторинг натижасида қўзғалган.

«Орозайим Нарматова "Мен рози эмасман" ва "Менинг ҳуқуқим бор" жамоатчилик ҳаракатининг лидери бўлиб Россиянинг Москва шаҳрида бир неча йилдан бери конференцияларни ташкил қилиб келади. Тадбирларда меҳнат муҳожирлари ва қирғиз фуқаролари орасида норозиликларни кучайтириш мақсадида асоссиз танқидларни доим айтиб келган», — деб таъкидлашди вазирликдан.

Бундан ташқари, Нарматованинг билдирувларида «Қирғизистон ҳукуматининг фаолиятини дискредитациялаш ва салбий чақириқлар белгилари борлиги» хабар қилинди. Унинг охирги фаолияти «ҳудудлар аро низони қўзғатишга ва ҳукуматни куч билан босиб олишга шароит яратиш учун салбий маънодаги жамоатчилик фикрларни шакллантириш мақсадида ижтимоий-сиёсий процессни бир йўналишда ёритишга қаратилгани» айтилди.

«Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари қонунни жиддий бузишди»

Нарматованинг адвокати Сейитбек Довронов «Клооп»га фаолнинг қўлга олиниши ноқонуний эканини билдирди. Довроновнинг айтишича, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари унга Нарматова билан учрашишга рухсат бермаган. Уни Бишкекка адвокатининг иштирокисиз олиб кетишган.

«Орозайим менга эрталаб соат 04:30да “ушлаб олишди” деб қўнғироқ қилганда аэропортга бордим. Бироқ бизни киритишмади. Кейин соат 05:00да машинада чиқиб кетишганини кўрдим. Ўш ВИИБнинг терговчиларидан сўрасам, кеча Биринчи май туман суди Нарматованинг “шахсий буюмларини тинтув қилиш бўйича қарор чиқарибди” дейишди», — деди Довронов.

Кейин Довронов Нарматова билан телефон орқали боғланган. Унда Нарматова унга «мени 5-6-майда халқни уюштиришга ҳаракат қилган, ҳукуматни куч билан босиб олишга чақириқ ташлаган, ҳукумат вакилларига нисбатан танқид айтган деган сабаб билан айблаяпти» дейишга улгурган.

«Орозайимни 15 кун олдин туғишган акаси ўлган эди. Шундай азада турган вақтда ҳукуматнинг ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ҳаддан ошиши, қўпол равишда қонун бузгани тўғри эмас. Сабаби Орозайимни интернетга чиқиб юрганини биз ҳам кўрганмиз, унда бирор марта ҳукуматни босиб олишга чақириқ ташлаган ҳолат бўлмаган. Бундан ташқари унга “Миллатлар аро низо, ирқий, этник, диний йўналиш бўйича низо қўзғатиш” бўйича чақириқ қилган дейишибди, бу ҳам ёлғон», — деб қўшимча қилди адвокат.

Шунингдек, Довронов ҳуқуқ органлари Нарматовани аэропортда ушламай, бунгача Қирғизистонда бўлган вақтда махсус чақирув қоғози  билан терговга чақиришса бўларди дейди. Унинг айтишича, ҳуқуқ органлари ўзининг заифлигини кўрсатди.

«Нарматова аза тутиб, акасининг қирқини ўтказгунча юрди. Уни хавфли жиноятчи қатори аэропортдан ушлаб кетишмай, чақирув қоғозини беришса чақирган жойига борарди. Қароқчилик йўли билан бундай ушлаб кетгани ҳаддан ошишлик бўлмоқда», — дейди Довронов.

Орозайим Нарматовани қўлга олиниши

Орозайим Нарматова 10-сентябрда Ўш халқаро аэропортида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан қўлга олиниб, кейин Бишкекка олиб кетишгани ҳақида хабар қилинган. Нарматова Ўшга акасининг жасадини олиб келиб, дафн қилгандан сўнг яна Россияга қайтаётганда ушланган.

Орозайим Нарматова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳукуматнинг ҳаракатини фаол танқид қилади. 2020-йили ўтган парламент сайловига мухолифатнинг «Бутун Кыргызстан» партияси билан келган.

Унгача амалдаги президент Садир Жапаров тузган «Мекенчил» партиясининг тенг ҳуқуқли раисаси бўлган. Нарматова «Клооп»га берган интервьюсида унинг партиядан чиқиб кетишига бошқа аъзолар ўша вақтда президентликка номзод бўлган Сооронбай Жээнбековни қўллагани сабаб бўлганини айтган.

Шу йилнинг 8-июлида МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев «президент ва хизматдаги одамларни танқид қилганлар» жавобгарликка тортилишини билдирган. Ташиевнинг айтишича, ҳозирда жамоатчиликда «радикаллаштириш» бўлиб, давлат тўнтарилишига «ундаганлар» ҳам бор — МХДҚ уларнинг ҳаммасини «рўйхатга олмоқда» деган Ташиев.

«Ҳозир ўлкада ва чет давлатдагиларнинг ҳар бири ёзилиб, ҳар бирингизни рўйхатга оляпмиз. Ҳозир чет ўлкадагиларни бу ерга олиб келиш бўйича бошқа давлатлар билан шартнома тузилмоқда. Шу сабаб ҳурматли фуқаролар, тўхтатинглар! Жамиятни радикаллаштиришни, тўнтарилиш чиқаришни кераги йўқ. Бунинг оқибати аянчли бўлиши мумкин», — деб огоҳлантирди у.

Бироқ Ташиевнинг бу билдируви ижтимоий тармоқларда кескин танқид қилиниб, юристлар «давлат раҳбари номига айтилган негатив билдирувларни таҳлил қилиш МХДҚнинг иши эмас» дейишган.