Тартибсизликлар уюштиришда айбланаётган сиёсатчи Жениш Молдокматов соғлиғи ёмонлашгани сабаб «Бикард» клиникасига ўтказилди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш давлат хизмати билдирди.
«Айбланувчи хусусий клиникада, конвойнинг назоратида. Унинг аҳволи қониқарли», — деб билдиришган давлат хизматидан 24.kg нашрининг журналистларига. ЖИДХнинг маълумотига кўра, «Туран» партияси лидерининг юрагига операция қилинди.
Бир кун олдин Молдокматовнинг адвокати Кантемир Турдалиев очлик эълон қилгандан кейин сиёсатчининг юраги оғриб қолганини айтган эди.
«Очлик эълон қилган вақтда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган, тиббиёт ходимлари тўхтатишни маслаҳат беришган. У акцияни тўхтатиб, текширувдан ўтган. Шунда юрагида хасталик борлиги аниқланди», — деб айтган адвокат.
Молдокматов соғлиғи сабаб 24-августда ТИЗО-1дан №47 колония касалхонасига ўтказилган эди.
Бунгача «Бикард» клиникасининг директори ТИЗО-1нинг яна бир судланувчиси фаол Мелис Аспековнинг юрагига операция қилинганини айтган. Инфаркт бўлган Аспеков августнинг охирида операция қилинган. У ҳам клиникада реабилитациядан ўтиши керак.
*«Бикард» — амалдорлар коррупцияда гумонланиб ТИЗОга киритилгандан кейин соғлиғи ёмонлашди деган сабаб билан ётқизилган хусусий клиника. Нимагадир амалдорларнинг ҳаммасини соғлигида муаммо юзага келиб, касалхонага ётқизишга мажбур бўлади. Масалан, «Магнитский рўйхати»га кирган божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов, собиқ премьер-министр Мухаммедкалий Абилгазиев ва «ҚирғизТемир Йўли»нинг собиқ раҳбари Василий Дашков қамоқдаги муддатини клиникада ўтказишган. Номи тилган олинганларнинг охиргиси клиника ҳудудида нотаниш аёл билан сўзлашиб ўтирганини блогерларнинг бири видеога олган. Шундан сўнг амалдор ТИЗОга қайтарилиб, бир қанча милиция ходимлари ишдан олинган.
Молдокматовнинг қўлга олиниши
Ички ишлар вазирлигининг тергов хизмати Жениш Молдокматовни 6-майда қўлга олган. У «Жойни, бинони ёки қурилмани ўзбилармонлик билан эгаллаб олиш ёки босиб олишда» гумон қилинмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг тергов хизмати Жениш Молдокматовни 6-майда қўлга олган. У «Жойни, бинони ёки қурилмани ўзбилармонлик билан эгаллаб олиш ёки босиб олишда» гумон қилинмоқда.
Биринчи май туман суди 8-майда Молдокматовни икки ойга қамоққа олган. «Туран» партиясининг лидери қамоқда ёзган хатида давлатда «адолат ва ҳақиқатга бўлган умид ўчди» деб билдирган.
Бишкекнинг Биринчи май туман суди Жениш Молдокматовни 6-сентябргача №1 тергов изоляторида қолдирган.
Сиёсатчи Жениш Молдокматов бу вақтгача президент Садир Жапаров бош бўлган ҳукуматни танқид қилиб келган. Молдокматов Жапаров таклиф қилган Бош қонунга қарши эканини билдириб, «Ханституцияга қарши» марказни бошқарган. У янги бош қонун қабул қилинса, ҳукумат узурпацияланиши мумкинлигини айтган.
Шунингдек сиёсатчи «Кемпир-Абад» сув омбори четидан Ўзбекистонга ер беришга қарши чиқиб, МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиевнинг ҳаракатларини танқид қилган.
Бундан ташқари, Молдокматов Ташиев қирғиз-тожик чегарасида отишувларни олдини олишга ҳаракат қилмади деб, унинг истеъфосини талаб қилган.