Темир Сариев: Қумтўр бўйича қарор қабул қилиб, мамлакатга зарар келтирганлар озодликда

347
Темир Сариев

«Қумтўр иши» бўйича қўлга олиниб, МХДҚнинг ТИЗОсида ўтирган собиқ премьер-министр Темир Сариев 19-августда жамоатчиликка мурожаат қилиб хат ёзди. Унда Сариев қамоқда минкабнинг Экология ва иқлим бўйича давлат қўмитасининг раисаси Динара Кутманованинг «ёлғон кўрсатмаси сабаб ўтирибман» деб билдирди.

Шунингдек, у ўзи бошқарган давлат комиссияси «Қумтўр» лойиҳасини «синчковлик билан текширганини», халқ олдида «виждони тоза эканини» таъкидлади.

*МХДҚ Сариевни 3-августда қўлга олган. Махсус хизматнинг версияси бўйича, Сариев иқтисод вазири ва «Қумтўр Голд Компани»нинг фаолиятини текширган давлат комиссиясининг раиси бўлган вақтда ишхона томонидан экологияга келтирилган зарарнинг миқдорини бир неча миллиард сомга қисқартирган.

«Жиноий ишлар мен бошқарган комиссиянинг хулосаси асосида қўзғалди»

Сариев хатида у 2012-йили бошқарган комиссия 25 кишидан иборатлигини, нима ишлар қилиб, қандай хулосалар чиқарганини ёзди. Унинг айтишича, «комиссиянинг иши регламент асосида бўлиб, йиғинлар ОАВ вакиллари иштирокида ва КТРКнинг жонли эфирида бўлган».

Шунингдек, у ўзига қарши кўрсатма берди деган Динара Кутманова ҳам маҳаллий эксперт қатори «таркибга кирган» дейди.

«Масъул одамлар бошқариб, текширув ишларини ўзлари уюштириб, очиқ, синчиклаб текширишган. Якуний хулосани ўзларининг йиғинида чиқаришган. Уларнинг ишларига ҳеч ким аралашган эмас. Давлат комиссияси “Қумтўр” лойиҳасининг 1992-йилдан 2011-йилгача ишларини текшириб чиққан», — деди Сариев.

Шу сабаб собиқ премьер «“Қумтўр” бўйича жиноий ишлар мен етакчилик қилган комиссиянинг текширув хулосаси асосида қўзғалди» деб билдирди. Шунингдек у «Қумтўр» бўйича позициямни жамоатчилик билади деб қўшимча қилди.


«Мен ҳар бир одамнинг кўзига қараб, “Қумтўр” масаласини очиқ қилиб, нимани текширсак, шуни тўлиқ бердик деб ишонч билан айта оламан. Буларнинг барчасини очиқлаган одам қамоқда, [Қумтўр бўйича] қарор қабул қилиб, давлатга зарар келтирган одамлар эса эркинликда. Мени халқим, оилам олдида виждоним тоза. ҳақиқат қарор топади», — деб сўзини якунлади у.


«Қумтўр иши»

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Жогорку Кенешнинг 17 майда Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилган.

Уларнинг бири «Кумтор Голд Компани» ишхонаси экология талабларини сақламагани бўйича. Қолган уч иш олтин қазувчи компания билан шартномалар тузган, солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилган, шунингдек «Кумтор Голд Компани»га текширув олиб бориш учун қўшимча ер участкаларни берган Қирғизистоннинг мансабдор шахсларига нисбатан қўзғалган.

Махсус хизмат «Қумтўр иши» бўйича собиқ премьер-министрлар Мухаммедкалий Абилгазиев, Ўмурбек Бабанов ва Темир Сариев, собиқ вице-премьерлар Тайирбек Сарпашев, Алмазбек Баатирбеков, депутатлар Асилбек Жээнбеков, Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов, Талантбек Узакбаев, президент аппаратининг собиқ етакчиси Данияр Наримбаев ва «Кыргызпатент»нинг собиқ бошчиси Динара Молдошевани қўлга олган.

Қўлга олинганлар орасидан Сарпашев, Пирматов, Молдошева ва Абилгазиев тергов қамоғидан чиқарилган. Ўмурбек Бабанов чет ўлкага даволаниш учун Қирғизистондан чиқиб кетди. Биринчи май туман суди собиқ депутат Талантбек Узакбаевни «Коррупцияда» айбдор деб топиб, 300 минг сом жарима солган.

Бундан ташқари махсус хизмат Қирғизистоннинг қочқин президентлари Курманбек Бакиев билан Аскар Акаевни қидирувга берган. Шунингдек қидирув Бакиевнинг ўғли Максимга ва конни ишлатишга боғлиқ бир қанча собиқ амалдорларга эълон қилинган.

2-августда Аскар Акаев Қирғизистонга келиб, МХДҚда сўроқ қилинган. Собиқ президент сўроқдан чиққандан кейин «Қумтўр» масаласи бўйича кўрсатма бериш учун бир ҳафтага келганини, иш билан эндигина танишаётганини айтган.

Кейинчалик Акаев Қумтўрдаги олтин ишлаб чиқарган канадалик  Centerra Gold Inc. Билан шартнома тузилаётганда ҳукумат ҳаракатларини назорат қилмагани учун кечирим сўраган. Депутат Дастан Бекешев собиқ президентнинг сўзларига изоҳ бериб, Қумтўр бўйича жавобгарликни «марҳумга қўйиш осон» деган.