Садир Жапаров мактабларга ота-оналардан пул тўплашга қарши

250
Сурат: президентнинг матбуот хизмати

Президент Садир Жапаров мактабларда ўқувчиларнинг ота-онасидан пул йиғиш ташаббусини қўлламайди. Унинг айтишича, пул йиғиш давлат сиёсатининг коррупция билан курашиш бўйича асосий йўналишига қарши бўлади. бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев билдирди.

Президент мактабга пул йиғиш ота-оналар учун «оғир юк» бўлиб қолади деб ҳисоблайди.

«Мактабларда турли мақсадларга, турли сабаблар билан пул йиғишни қатъий тақиқланиши керак. Мактабнинг вакиллари томонидан бундай ишлар зудлик билан маълум қилиниши зарур», — деб таъкидлаган Жапаров.

Бундан ташқари, давлат раҳбари ота-оналардан олинган қўшимча тўлов таълим тизимини яхшилашга таъсир қилмайди деган фикрда.

5-августда Фан ва таълим вазири Болотбек Купешов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб бераётиб мактабга ёрдам тарзида ота-оналардан пул йиғиш ҳақида таклиф киритган. Вазир шаҳарда тахминан 1000 сомдан, қишлоқларда 800 сомдан деган сумма белгиланишини айтган.

Купешовнинг бу фикри жамоатчиликда кўп ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган. Ота-оналарнинг бир қисми вазирилк пандемия вақтидаги кризисни ҳисобга олмаяпти деса, иккинчи қисми ота-оналар фондига йиғилган пул директорнинг ҳамёнига тушади деган фикрни билдиришган. Бироқ мактабларга ота-оналар қўшимча тўлов орқали ёрдам берса бўлади деган ота-оналар ҳам бор.

Бундай қизиқ муҳокамадан кейин вазирлик пул йиғиш бўйича қайта тушунтириш берди. Унда жамоатчиликда қарама-қарши муносабат яратиб, ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлган масалани қонунга мувофиқ ҳал қилиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилаётгани айтилган.

«Ишчи гуруҳнинг таркибига вазирлик ходимлари, ота-оналар ва фуқаровий жамиятнинг вакиллари киради. Ишчи гуруҳ мазкур масалани ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий ва бошқа аспектларини кўриб чиқиб, масалани ҳал қилиш йўлларини таклиф қилади», — деб ёзилган билдирувда.