«Келечек-Будушее» партиясининг етакчиси Чингиз Макешов парламентда қасамёд берди

318

Жогорку Кенешнинг 30 июндаги йиғинида янги депутат Чингиз Макешов қасамёд қилди. У КСДП фракциясининг депутати Нодирбек Каримовнинг ўрнига келди. Каримов Ўзган шаҳрига мэр бўлиб сайлангани сабаб мандатини топширган.

Макешов 44 ёшда. У олдин заргарлар ассоциациясининг бош директори (2008-2012), Қирғизистон тадбиркорлар бирлашмасининг ижройи директори (2010-2015), тадбиркорликни ривожлантириш фонди бошқармасининг раиси (2015-2018) ва «Борбор-Азиялык капитал» инвестиция компаниясининг аналитиги бўлган.

Ҳозирда у «Келечек-Будущее» партиясини бошқармоқда — мазкур партия Бишкек ва Ўш шаҳар кенгашига бўлган сайловда қатнашади. Макешов Бишкек шаҳар кенгашига «Келечек-Будущее» партиясининг рўйхатида биринчида туради.

2020 йили натижаси бекор қилинган парламент сайловида Макешов «Ыйман нуру» партиясининг раиси бўлиб, уни сайловга бошлаган.

Шунингдек, Макешов журналистларга берган интервьюсида партиянинг асосчиси Айбек Осмоновга божхона хизматининг собиқ раҳбар ўринбосари Райимбек Матраимов томонидан «босим бўлганини» билдирган. Бундан ташқари натижада Осмонов партия рўйхатидан чиқиб, сайловга қатнашмасликка мажбур бўлганини айтган.

*Осмонов «Мекеним Кыргызстан» партиясининг асосчиси. Журналист Кудрет Тайчабаров мазкур партияни криминал муҳит вакиллари Осмоновдан куч билан тортиб олганини билдирган. «Мекеним Кыргызстан» натижаси бекор қилинган парламент сайловида 2-ўринга эга бўлган — у Матраимовларнинг оиласига тегишли экани айтилмоқда. Осмонов эса 24 мартда «Бир Бол» фракциясидан депутат бўлди.