Товламачилик. Асилбек Жээнбековнинг адвокати уй қамоғига чиқди

322

Қамоқдаги депутат Асилбек Жээнбековнинг адвокати Давран Касимов 24 июнда ўзига нисбатан жиноий иш қўзғалганини билдирган.

«Азаттык»қа берган интервьюсида Касимов қайта қўзғалган иш «Фирибгарлик» моддасига боғлиқ эканини айтди. Шунингдек, Бишкекнинг Биринчи май туман суди унга нисбатан 28 августгача уй қамоғига олиш қарорини чиқарганини хабар қилди.

Бунгача қисқартирилган иш

Адвокатнинг айтишича, унга нисбатан қайта жонлантирилган иш бир ярим йил олдин қисқартирилган.

«2019 йили биз жиноий гуруҳларнинг бирини фош қилганмиз, улар менинг ҳаракатларимни тўхтатиш учун ҳимояланишга ўтишган. Бунинг учун финполнинг собиқ ходими Канибек Туратов иккимизнинг орамизда бирор бир моддий маънодаги алоқа бўлган деган билдирувни ёзган», — дейди Касимов.

Касимов тушунтиришича, ҳуқуқ тартибот органлари Туратовнинг аризасини текшириб, ҳақиқатга тўғри келмаслигини аниқлашган.

«Жиноят белгилари йўқ бўлгани сабаб менга нисбатан қўзғалган жиноий иш қисқартирилган», — деди адвокат ишни қайта жонлантириб бўлмаслигини қўшимча қилиб.

Материал берилишидан олдин Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Клооп»нинг журналистига Касимовнинг эҳтиёт чораси ҳақида маълумот бермади.

Жээнбековнинг иши

Давран Касимов собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбековнинг адвокати. Асилбек Жээнбеков «Қумтўр» конини ишлатиш бўйича лойиҳани амалга оширишдаги коррупцияда гумон қилинмоқда. Суднинг қарорига кўра, сиёсатчи 31 июлгача МХДҚнинг ТИЗОсида бўлади.

Асилбек Жээнбеков ўзи қўлга олинганини сиёсий таъқиб ва ўч олиш деб ҳисоблайди. 22 июнда парламентда 81 депутат Бишкек шаҳар судига мурожаат қилиб, ҳамкасби Асилбек Жээнбековни МХДҚнинг ТИЗОсидан уй қамоғига чиқаришни сўранишган. Бироқ уларнинг илтимоси қаноатлантирилмаган.

Жээнбековдан ташқари, «Қумтўр» иши бўйича собиқ премьер-министр Ўмурбек Бабанов, депутат Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов ва Талантбек Узакбаев қўлга олинган. Уларнинг ҳаммаси икки ойга МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган.