Бишкекда COVID-19 касаллиги сабаб касалхоналарга мурожаат қилганлар билан ётқизилганларнинг сони кўпаймоқда. Бу ҳақда 22 июнда Республика юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Гулжигит Аалиев билдирди.
Унинг айтишича, касалхона ошиғи билан тўлган, айниқса ўтган йилгага қараганда ҳозир ёшлар кўп тушмоқда, болалар орасида касалхонага ётганлар сони ўсмоқда.
Бош шифокор билдиришича, уни «ПЧР-тести ижобий бўлган, оғир ва ўрта формадаги пневмония билан оғриган болалар тушаётгани» хавотирга солмоқда.
«Кеча 16 ёшгача 4 бола олиб келинди. ПЧР-тест билан уларда коронавирус аниқланди, пневмония ҳам бор. Уларнинг аҳволи ўрта оғир ва оғир. Ўтган йили 20-30 ёшдаги беморлар оғир аҳволда касалхонага тушган ҳолатлар бўлмаган. Бу йил коронавирус «ёшарганини» кўряпмиз», — деди шифокор.
Аалиев ҳозирда мазкур касалхонанинг жонлантириш бўлимида 15 бемор бўлса, 111 бемор концентратор ёрдамида нафас олаётганини қўшимча қилди.
«Кўпчилик ўзича даволанмоқда. Оилалар келяпти. Улардан сўрасак, турли тадбирларга борганини айтишади. Менимча ўтган йилгидай ҳолат бўлмайди. Сабаби бизнинг шифокорлар, тиббиёт ходимлари ўқишдан ўтказилиб, тайёргарлик кўришди», — деб қўшимча қилди Аалиев.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 22 июнь тонгидаги берган маълумотига кўра, Республика юқумли касалликлар касалхонасида коронавирус юқтирганларни қабул қилиш учун ўринлар қолмаган. Бу касалхона коронавирусни даволаган энг асосий тиббий муассаса, у 400га яқин беморни қабул қилади.
Муассаса билдиришича, 22 июнга кўра касалхоналарда 212 койка-ўрин бор, уларнинг орасидан 80 донаси — миллий госпиталнинг мобил клиникасида жойлашган.
61 ўрин Чуй вилоят бирлашган касалхонасида, 20 — №1 шаҳар клиник касалхонасида. Бошқа тиббий муассасаларда саноқли ўринлар қолган.