Қирғизистоннинг футбол бўйича терма жамоаси 7 июнда Бишкек вақти билан соат 13:00да Футбол бўйича 2022 йили бўладиган жаҳон чемпионатига саралаш босқичида Монголиянинг терма жамоаси билан майдонга тушиши керак.
Бироқ Қирғизистон термасининг мураббийи Александр Крестинин 6 июнда Япониянинг Осака шаҳрида ўтган матбуот анжуманида футболчилар ўйин олдидан бир марта шуғулланишганини айтди.
Крестининнинг айтишича, машғулотлар жамоа аъзосининг бири коронавирусда гумон қилинаётгани сабаб тўхтаган.
«Қабул қилувчи томоннинг бундай муносабати тўғри эмас. Бизга сабабини тушунтирмай машғулотни тўхтатишди. Биз керак бўлса назарий томондан ҳам тайёрлана олмаяпмиз, сабаби бир бинони ичида йиғилиб бўлмайди», — деб тушунтирган Крестинин.
Шунингдек, у аввалроқ жамоанинг коронавирусга топширган тести салбий натижа кўрсатганини қўшимча қилди.
«Бироқ бу ерда ҳам савол туғилади, у аэропортда тест топшириб, бу ерга соппа-соғ келиб, қандай қилиб бир кечада оғриб қолади? Иккинчидан меҳмонхонада ходимлар ва улар бўлса, ходимлар ишлаяпти, улар юқтиришга сабабчи бўлиши мумкинда», — деди мураббий.
Крестининг тушунтиришича, шу сабаб терма жамоа бир марта шуғулланган. У жамоанинг тестини натижаси салбий бўлса ҳам машғулот тақиқланганини таъкидлади.
«Бизнинг мураббийлик штаб билан маъмуриятнинг орасидан 14 одам, уч дарвозабон ва икки ўйинчи гумон қилинмоқда. Бундай шароитда қандай тайёрланамиз? Ташкилий ишларни тугатмай, футбол ҳақида айтолмаймиз», — деб билдирди Крестинин.
11 июнда саралаш ўйинларининг иккинчи босқичида қирғиз термаси билан Мянма ўйинчиларининг учрашуви режалаштирилмоқда. Яна бир ўйинни 15 июнда ўтказиш кўзда тутилган, унда Қирғизистон термаси Япониянинг жамоасига қарши ўйнайди.