Ўш шаҳри: Қизни ўғирлаб калтаклаган киши уй қамоғига чиқарилди

274
«Одам ўғирлашда» гумон қилинган турғун. Сурат: Ўш ШИИБнинг матбуот хизмати

Баткен вилоятининг Қадамжой туманининг «Одам ўғирлашда» гумонланиб Ўш шаҳридан ушланган турғуни уй қамоғига чиқарилди. Гумондорнинг эҳтиёт чораси Ўш шаҳар суди томонидан 22 майда қаралган.

Ўш шаҳар судидан билдиришича, суд гумондорни уй қамоғига доимий яшаш жойини ҳисобга олиб, «терговга тўсқинлик бўлмайди» деган асос билан чиқарган.

21 майда Ўш шаҳар милицияси 18 ёшдаги қизни ўз эркига қарши Қизилқия шаҳридан Ўш шаҳрига олиб келиб, кейин машинасида калтаклаган 29 ёшли кишини қўлга олган.

Дастлабки тергов давомида жабрланувчи бундан икки йил олдин гумондор томонидан бир неча марта зўрланганини айтиб, «мен берган кўрсатмаларим учун бу боладан қўрқаман, бу қамалиши керак» деган.

Гумонланувчини уй қамоғига чиқарилгани ижтимоий тармоқларда норозиликка сабаб бўлган. Шаҳар судининг матбуот котиби Айпери Туратбек қизи «Клооп»га гумондорни уй қамоғига чиқарилиши судгача бўлган терговда унга нисбатан «Одам ўғирлаш» моддаси билан айблангани сабаб бўлганини билдирди.

«Гумондорнинг эҳтиёт чораси «одам ўғирлаш» моддаси билангина қаралди. Қонун бўйича бу модда билан уй қамоғига чиқса бўлади. «Зўрлаш» моддаси қўшилган эмас, шу сабаб бу модда қаралган эмас. Бу судгача тергов ишида қисқариб кетгани учун бўлиши мумкин», — деди Туратбек қизи.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Замир Сидиковнинг айтишича, тергов давомида моддалар квалификацияланиши мумкин. Шунингдек, гумондор олдин «Одам ўғирлаш» факти билан қўлга олингани сабаб, ЖУРга мазкур модда билан рўйхатга олинганини қўшимча қилди.

«Жабрланувчининг кўрсатмаси бўйича текширувлар олиб борилади, бироқ улар 2019 йили танишиб, қиз-йигит бўлиб юришган. «Зўрлаш» ҳам ўша вақтда бўлганини айтган. Ўша вақтда жабрланувчи милицияга ариза ёзган кейин у онаси билан биргаликда келиб аризани қайтариб олгани аниқланди. Ариза қайтариб олингандан кейин бу иш ёпилган», — деди Сидиков.

Бироқ милициянинг аввал берган маълумотида «қиз гумондор томонидан 2019 йили зўрланган вақтда 16 ёшда бўлганини айтиб, ариза ёзишдан қўрққанини» билдирган эди.

Бундан ташқари, Ўш ШИИБи жабрланувчининг кўрсатмасига таяниб, гумонланувчи қизни эркига қарши «сени зўрлаган ҳолатни тасвирга олганман» деб қўрқитиб, хўрлаб юрганини билдирган.

Қиз ўғирлангани ҳақида Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига унинг йигити хабар берган. Жабрланувчи йигитига қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида айтиб беришга улгирган. Ўш ШИИБи гумондорни машинаси асосида топиб, қамоққа олган эди.