Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Қашқар қишлоғидаги тут боғда 28 ёшли хусусий тадбиркорнинг жасади осилган ҳолда топилди. Бу ҳақда Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Жениш Аширбаев «Клооп»га 20-майда билдирди.
Маълумотга кўра, марҳум Тельман қишлоғидаги «Байзак» чойхонасининг эгаси бўлган. Унинг жасадини 12-майда маҳаллий турғунлар эрталаб топиб, милиция ходимларига хабар қилишган.
Воқеа бўлган жойга Қорасув ТИИБнинг тергов гуруҳи бориб, текширув ўтказган. Ҳозирда бу бўйича тегишли экспертизалар тайинланди, тергов бошланган.
18-майда Қорасув туманига қарашли Талдик қишлоғида 47 ёшдаги кишининг жасади контейнерда осилган ҳолда топилган. Марҳум Олай туманининг Чий-Талаа қишлоғидан келиб, номаълум сабаблар билан ўлган. Ҳозирда милиция бу воқеа бўйича текширув ишларини олиб бормоқда.