Депутат Мейкинбек Абдалиев Жогорку Кенешнинг 19 майдаги йиғинида Миллий банк раиси Толкунбек Абдигуловдан собиқ президент Аскар Акаевнинг «сом Қумтўрга боғлиқ» деган сўзларига қанчалик ҳақиқат эканини сўради.
«Бизнинг собиқ президентимиз Аскар Акаев «бизнинг сом шу Қумтўрга боғлиқ» деб маълумот берди. Агар эртага суд жараёнлари бошланганда, қанчалик даражада хавф бор [...] «Сом Қумтўрга боғланиб, шу сабаб курси яхши сақланган» дегандай маълумот берди», — деди Абдалиев.
Абдигулов қонунга кўра, миллий валюта «эркин муомалада» эканини ва Қумтўрга ёки бошқага боғлиқ эмаслигини билдирди. Абдигуловнинг айтишича, сомнинг қиймати «бозор нархи билан аниқланади».
Абдалиев Миллий банк раҳбарига «демак, эртанги суд текшируви сомга таъсир қилмайди деб аниқ айта оламизми» деган савол берди.
«Бевосита таъсир қилмайди, бироқ билвосита каналлар бор. Билвосита каналлар бу чет ўлка инвестицияларининг оқими, пул ўтказишлар, ички капиталнинг оқиб чиқиши, иқтисоднинг ҳолати — буларнинг ҳаммаси комплекс фактор», — деди Абдигулов.
Шунингдек, Абдигулов сомнинг курсига «ташқи факторлар» ҳам билвосита таъсир қилиши мумкин деб, АҚШнинг федерал захира тизими сиёсатини мисол қилди. Абдигулов Миллий банк бунга тайёр деб ишонтирди.
«Кумтўр» атрофида нима бўлмоқда?
Парламентда 17 майда Қумтўр конига ва олтин қазувчи «Қумтўр Голд Компани» ишхонасига боғлиқ навбатдан ташқари йиғин ўтган. Унда 91 депутат «Қумтўр»га вақтинча ташқи бошқарувчини тайинлашга розилик берган.
Шу куни Министрлар кабинетининг раиси Улукбек Марипов Тенгиз Бўлтурукни «Кумтўр Голд Компани»нинг ташқи бошқарувчиси қилиб тайинланган.
Қумтўр — Иссиқкўл вилоятида жойлашган Марказий Осиёдаги энг йирик олтин кони, унинг майдони 26,3 минг гектарни ташкил қилади. Конни 1992 йилдан бери канадалик Centerra Gold Inc. Компанияси ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади.
Бишкекнинг Октябрь туман суди 7 майда олтин ишлаб чиқарган «Қумтўр Голд» ишхонасини давлат фойдасига 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллар ундириб олишга қарор қилган.
Тўрт фуқаро Қумтўр конини ишлатишда Давидов ва Лисий музликларига коннинг қолдиқларини тўплашни ноқонуний деб топишни талаб қилиб судга мурожаат қилган. Даъво аризасини ёзганларнинг иккиси гаровга олиш ишида айбдор қатори ўтишган — президент Садир Жапаров ҳам бу ишнинг фигуранти қатори ўтган.
12 майда Қумтўр фаолиятини текширган давлат комиссияси олтин қазувчи компаниядан 459 млрд сом (4 млрд 252 млн доллар) ундириб олиш кераклигини билдирган.
Шунингдек, депутатлар яна бир вариантни таклиф қилишган — «Кумтўр» билан ҳукумат ўртасидаги шартномаларнинг ҳаммасини бекор қилиш ёки ишхонага вақтинча сиртдан бошқаришни киритиш.
Бунгача мана шу парламентнинг депутатлари бунинг учун асос тузишган — улар уч ўқишда исталган компанияга сиртдан бошқарув киритишга йўл очадиган қонунни қабул қилишган. Қонунга мувофиқ, агар компания конларни ҳимоя қилиш талабларини, қонунда кўрсатилган экология ва ишлаб чиқариш хавфсизлик меъёрларини бузса ёки ишни таъсир этувчи ҳудудида яшаган одамлар ҳаётига хавф солса, ўша вақтда келтирилган зарарни бартараф қилиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаса, сиртдан бошқарув киритилади. Жапаров бу қонунга 14 майда қўл қўйган.
15 майда ОАВлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари Қумтўр компаниясининг офисларида тинтув ўтказгани айтилган. МХДҚ тергов давом этмоқда деган баҳона билан изоҳ беришдан бош тортган, бироқ 17 майда тинтув бўлганини тасдиқлаган.
Юқоридаги воқеалар сабаб Centerra Gold Inc. Қирғизистон ҳукуматига қарши халқаро арбитражга мурожаат қилган. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) давлат компаниясини «ютиб олиши» Қирғизистон иқтисодини қайта тиклашни ҳам, республиканинг инвесторлар олдидаги обрўсини ҳам тушириб, хавфга олиб келишини билдирган.