12 майда «Қумтўр Голд» компаниясининг фаолиятини текширган давлат комиссияси бу йил февраль ойидан бери қилган ишининг натижаси билан таништирди.
Комиссия раиси депутат Акилбек Жапаров Кумтўр конини ишлатаётган Centerra Gold компанияси «маълумотларни ўзгартиряпти» деб билдирди. Шу билан бирга унинг айтишича, ҳукумат «доим улар билан савдолашиб» фойдасиз шартномалар тузган.
Давлат комиссия экологияга келтирилган зарар, солиқ ва жарималар учун компаниядан 4,2 млрд доллардан ортиқ маблағ ундиришни таклиф қилган, агар ишхона тўлаб беролмаса, мулк Қирғизистонга ўтказилади.
Бундан ташқари, Жапаров Centerra Gold ўлкадаги сиёсий жараёнларга аралашганини билдирди.
Қумтўр — Иссиқкўл вилоятида жойлашган Марказий Осиёдаги энг йирик олтин кони, унинг майдони 26,3 минг гектарни ташкил қилади. Конни 1992 йилдан бери Канаданинг Centerra Gold компанияси бошқарган «Кумтор Голд Компани» ишхонаси ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади. «Қумтўр» компанияси — бюджет тузувчи ишхона.
$4,2 млрд жарима ва 106 тонна олтин
Кумтўрнинг фаолиятини текширган давлат комиссия олтин қазувчи компаниядан 459 млрд сом (4 млрд 252 млн доллар) ундириб олиш кераклигини билдирди. Бу сумманинг ичида бунгача Октябрь туман суди экология бузилиши ва давлат пошлина учун солган 263 млрд сом жарима ҳам бор.
Жапаровнинг айтишича, асосий сумма бу компаниянинг экологияга келтирган зарари — 3 млрд 86 млн доллар, солиқ зарари эса — 1 млрд 166,5 млн доллар.
«Бу компания тўлаши керак бўлган пулнинг асосий суммаси. Устама жарималарни ҳисобга олганда — бу 4 млрд 252 млн 800 минг доллар. Сом билан бу 459 млрд 558 млн 100 минг сом. Бу умумий суммани исботласа бўлади деб ҳисоблаймиз. Қирғизистон қонунлари бўйича бу сумма мажбурий равишда тўланиши керак эди. Солиқ тўловларини, жарималарни турли тушунарсиз фондларга айирбошлаш тажрибаси тўхтатилиши керак деб ҳисоблаймиз. Энди «Қумтўр Голд» бизнинг солиқ қонунларимиз билан ишлаши, бизни биринчи навбатда экология ва одамларнинг хавфсизлиги бўйича қонунларимизни бузмаслиги зарур», — деди Жапаров.
Бундан ташқари, Жапаровнинг айтишича, давлат комиссияси заҳарли қолдиқларни сақловчи жойдаги 106 тонна олтинни давлат ҳисобга ўтказиб олган. Энди бу олтинни ишлатилган рудадан ажратиб олиш керак.
«Яқин кунларда бизнинг доимий юрисдикциямизни, кон бойликларнинг қолдиқ сақловчи жойлардаги мулкимиз, давлатимизнинг мулки эканини аниқлайдиган қонун қабул қилинади деб умид қиламан. Бу 106 тоннадан ортиқ олтин дегани. Президентлар ва бош вазирлар шу кунгача олтинимизни сотиб келишди, унинг ичида Кумтўр, Жеруй ва бошқа Қирғизистон ҳудудидаги конлар бор», — деди у.
Давлат комиссиясининг раҳбари келаси 5-10 йил ичида 106 тонна олтин олиш мумкинлигини таъкидлади.
«106 тонна олтин умумий 5 млрд 200 млн доллардан ошади. Демак, умумий суммаси 10 млрд долларга яқинлашади. Бизни қонунларга кўра бир қисмини ишлаб чиқариб, қолганини ишлатсак бўлади», — деди у.
«Судга тайёрланяпмиз»
Жапаров «Қумтўр» бўйича давлат комиссияси масалани ҳал қилишнинг уч вариантини таклиф қилаётганини айтди.
«Халқаро судга биз тайёрланяпмиз. Биринчи Қирғизистоннинг судлари, юристлар билан далилларнинг ҳаммасини олиб, агар улар халқаро судга борса, балки, биз уларни биринчи судга беришимиз керак. Биз «Борганда ютқизамиз» демай, «Биринчи ўзимизнинг судларни аммасини битириб, далиллар билан борганда ютамиз» деб, агар ютмасак, ютқизишимизни ҳисобга олиб, иккисининг ўртасида сўзлашув жараёни ёки тинчлик шартномаси бор деган уч йўлни парламентга кўрсатяпмиз. Олдинги президентлар ва ҳукумат раҳбарлари «Халқаро судга борсак ҳам мағлуб бўламиз, шу сабаб бормайлик» деган хулосани нимани асосида чиқарганини тополмадик», — деди халқ вакили.
Шунингдек, халқаро суддаги текширув ярим йилдан ўн йилгача чўзилиши мумкин деб қўшимча қилди. Президент шу йилнинг май ойидан бошлаб ишлаб чиқарилган олтинни Қирғизистон ичида қолдиришни таклиф қилди.
«Майдан бошлаб олтин Қирғизистонда қолса, 2-3 йил Худонинг ёрдами билан судлашсак, 30-50 тонна олтинимиз бўлса ким билан билан бўлса ҳам судлашаверамиз», — деди халқ вакили.
Жапаровнинг айтишича, юридик фирмаларнинг бири Centerra Gold компанияси номидан Қирғизистон ҳукуматига агар давлат ҳукумати 45 кун ичида сўзлашувга бормаса, компания шартнома бузилди деб Арбитраж судига беришини билдирган.
«Центерранинг сайтига қарасангиз, компаниянинг ўзининг нархи, Қумтўр кони 2 млрд 400 млн доллар деб турибди. Биз ҳозир сизлар билан бирга санкциялар натижасини тасдиқладик: 4 млрд 252 млн доллар зарар келтирган [...] Бизнинг қонунларга кўра, агар улар тўлай олмаса, барча мулки сизнинг тасарруфимизга ўтади», — деди Жапаров.
Centerra сиёсий масалаларга аралашган
Жапаровнинг айтишича, Centerra Gold Inc. Компанияси Қирғизистоннинг сиёсий жараёнларига аралашиб, президентлик сайловига таъсир ўтказган. У Centerra Gold томонидан 2011-2012 йиллари ўтказилган ҳомийлик маблағи қонунларни бузиш билан ўтказилиб, марказий ғазначилик тизимидан ташқари фойдаланилганини билдирди.
«Комиссия жуда қизиқ фактни топди. 2011-2012 йиллари Centerra Gold ҳомийлик маблағини қонунларни бузиш йўли билан ўтказган. У марказий ғазначилик тизимидан ташқари фойдаланилган. 2011 йили сентябрда Centerra компанияси Фуқаровий турар-жой департаменти ҳисобига РСК банки орқали 10 миллион доллар ўтказган. Унга қуриладиган объектларнинг рўйхати премьер-министр Алмазбек Атамбаев томонидан 13 сентябрда тасдиқланган. Бу президентлик сайловигача ва ташвиқот вақтида бўлган. Centerra Қирғизистоннинг сиёсий жараёнларига аралашган, давлат раҳбарини сайлашга таъсир қилган», — деди у.
… маълумотни манипуляция қилган
Жапаровнинг айтишича, Centerra Gold йиллар давомида маълумотни манипуляция қилиб, 26 йил ичида Қирғизистонга атиги 1,750 млрд доллар ўтказган.
«Биз Centerra Gold компаниясини қараб, улар маълумотни манипуляциялаган деган хулосага келдик. Унда Қирғизистонга 4 миллиард 485 миллион 952 минг доллар ўтказилгани ёзилган. Харажатларнинг кўп қисмини Қирғизистонга сарфлаганини кўрсатган. Бироқ улар ҳақиқатдан ҳам бизнес харажатларига ишлатган. Амалда «Қумтўр» очилгандан бери, аниқроғи 26 йилда Қирғизистонга 1 миллиард 750 минг 818 минг доллар ўтказган. Унинг яна 90 фоизини солиқ қатори тўлаган. Қолган рақамлар манипуляцияланиб, компаниянинг Қирғизистонга ажратган маблағи қатори кўрсатилган. Аслида 2,5 марта оз ўтказган», — деди у.
Бундан ташқари, давлат комиссияси Centerra Gold техникаларни Канадада таъмирлатишини ва йиллар давомида фойдаланилмаган яроқсиз техникаларни сотиб олиб, кейин қиммат нархда ҳисобдан чиқаришини аниқлаган.
Акция улуши камайиб кетган
Жапаров 2009-2021 йиллар оралиғида Қирғизистоннинг Centerra Gold компаниясидаги акцияларининг улуши тушунарсиз ҳолатларга боғлиқ ва қирғиз ҳукуматининг рухсатисиз 33,3%дан 26,1%гача камайиб кетган.
«Албатта, улар [ҳукумат] расмий розилик бермаган. Бироқ расмий рухсатсиз ўзимизнинг улушимизни камайтирганмиз. Қирғизистоннинг Centerra Gold компаниясига улуш капиталидан 100,7 млн доллар ютқизган», — деб билдирди у.
Халқ вакилининг айтишича, 2016 йилдан бошлаб 2021 йилгача акцияларнинг улуши 0,5%га, 0,3%га, кейин эса 6%га камайган. Шу сабаб Жапаровнинг фикрича, Қирғизистоннинг Центеррадаги акцияларининг улушига боғлиқ асоссиз операциялари бўйича текширув олиб бориб, нима учун камайганини аниқлаш керак, чунки ҳиссадор бунга рухсат бермаган.
У Қирғизистон 6% акциясини Centerra Gold компанияси 2016 йили тоғ-кон ишлатувчи Thompson Creek компаниясини 1 млрд 28млн долларга сотиб олганда йўқотганини билдирди. Келишим акцияларни қўшимча эмиссиялаш орқали юрган. Ҳозир Жапаровнинг маълумотига таянсак, Thompson Creek компаниясининг активлари нархини йўқотган. Унинг ҳозирги нархи 522,6 млн долларни ташкил қилади.
Депутат билдиришича, «Кыргызалтын»нинг амалдорлари ўлканинг компаниядаги акцияларининг улуши нимага камайиб кетганини билишга ҳаракат қилишган эмас.
Фойдасиз шартномалар тузилган
Жапаровнинг айтишича, ҳукуматнинг 2013-2020 йиллари қабул қилинган қарорлари сабаб Қирғизистон 438 млн доллар ёки 37 млрд 142 млн сом йўқотган бўлиши мумкин. 2019 йили имзоланган шартнома сабаб давлатнинг зарари (йўқотиши) 60,2 млн долларни тузган.
«Солиқлар чегирилган, суғурта тарифи ҳам чегирилган, бироқ бирор бир йўл билан ҳукумат бу компания билан ўлка ғазнасининг манфаатига қарши турли савдолар бўлган», — деди халқ вакили.
У бу маблағларни «давлат манфаатига қарши келган» шартномага қўл қўйган ва сўзлашувларга қатнашган одамларнинг ҳисобидан қайтариб олишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Жапаровнинг айтишича, Қирғизистон Қумтўр конини 2014 йили ҳеч қандай судсиз қайтариб ололмасди. 2012 йили компания конда ер остидан қазиш ишларини бошламоқчи бўлган, бироқ икки йилдан кейин бу ғоядан бош тортган.
«2009 йилдаги шартноманинг шарти бўйича, агар Centerra компанияси ер остидан қазиш ишларини олиб боришдан бош тортса, кон Қирғизистонга ўтарди. Биз тендер эълон қилиб ёки ўзимиз ер остидан қазиш ишларини бошлардик. Бироқ биринчи вице-премьер-министр Тайирбек Сарпашев бошчилигидаги ишчи комиссия Центеррани қўллаш керак, ер остидан қазиш ишларини олиб бормаслик керак ва конни очиқ усул билан ишлатишни давом эттириш керак деган хулосага келган», — деди депутат.
«Қумтўр» билан барча шартномаларни бекор қилиш ёки сирдан бошқариш киритиш
Давлат комиссияси текширув ишларининг натижасида Қумтўр конига боғлиқ барча шартномаларни 10 июнгача бузишни ёки ишхонага вақтинча сиртдан бошқаришни киритишни таклиф қилган*.
*6 майда Жогорку Кенеш Қумтўрга сиртдан бошқаришни киритишга йўл очган қонунларни қабул қилган.
Жапаровнинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати билан Centerra Gold компаниясининг ўртасидаги барча шартномаларни бузса бўлади, сабаби бу халқаро шартнома эмас.
«Centerra Gold халқаро шартноманинг томонида эмас, Юстиция вазирлиги билан ТИВнинг тегишли хулосалари туради [...] Қирғизистон ҳукумати билан Centerra Gold компаниясининг ўртасидаги шартномани бузишни таклиф қиламиз: янги шартлар ҳақидаги шартнома, қайта қаралган концессия шартномасини ва бошқа амалдаги ҳужжатларни», — деди депутат.
«Қумтўр»нинг атрофидаги вазият
Бишкекнинг Октябрь туман суди 7 майда олтин ишлаб чиқарган «Қумтўр Голд» ишхонасини давлат фойдасига 261,7 млрд сом ёки 3 млрд доллар ундириб олишга қарор қилган. Тўрт фуқаро Қумтўр конини ишлатишда Давидов ва Лисий музликларига коннинг қолдиқларини тўплашни ноқонуний деб топишни талаб қилиб судга мурожаат қилган.
Судга даъво аризаси билан мурожаат қилган даъвогарларнинг иккиси одамни гаровга олиш иши бўйича айбланувчи қатори ўтган — бу ишда президент Садир Жапаров ҳам фигурант бўлган.
Centerra Gold даъвогарларнинг талабларини асоссиз деб атаган. Компания Қирғизистон ҳукумати 2017 йили Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича стратегик шартномага қўл қўйганини эслатган. Унга кўра, компания қўйилган барча даъволарни, унинг орасида музликларга йиғилган қолдиқларни атроф муҳитга келтирган зарарнинг ўрнини тўлдиришдан озод қилинган.
17 майда парламентда навбатдан ташқари йиғин ўтади, унда президент Садир Жапаров ҳам Қумтўрга боғлиқ масалалар бўйича фикр билдиради.