Бишкекда сайловнинг натижаси бекор қилинди. «Эмгек» ва «Ак-Бата» сайловдан четлатилди

235

Бишкекнинг ҳудудий сайлов комиссияси Бишкек шаҳар кенгашининг депутатларини сайлаш натижаларини бекор қилди. Бу қарорни Бишкек ҲСКнинг аъзолари 12 майда қабул қилди.

Аввал комиссия аъзолари Бишкекдаги 23 сайлов участкасида сайлов натижаларини бекор қилиб, «Эмгек» ва «Ак-Бата» партияларини сайловдан четлатди.

Бунгача Бишкек ҲСК НДПКни (Қирғизистон Халқ-Демократик партияси) сайловдан четлатиб, бу қарорни Марказий сайлов комиссияси қўллаган. Партия «овозларни сотиб олишда» айбланган. Бироқ НДПКнинг аъзолари қўйилган айбни инкор қилиб, МСК қароридан шикоят қилишган.

Умумий бекор қилинган овозларнинг сони 60 мингдан ошди — бу умумий сайловчиларнинг 45%. Қонун бўйича агар сайловчилар овозларининг умумий сонини учдан бири яроқсиз деб топилса, сайлов натижаси бекор қилинади.

Энди Бишкек ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорини МСК қарайди. Агар МСК Бишкек шаҳар кенгашига сайлов натижасини бекор қилиш қарорини қабул қилса, унда президент бир ойнинг ичида такрорий сайловни тайинлаши керак. Сайловни яроқсиз деб топиш учун асос бўлган номзодлар қайта сайловга қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Бишкек шаҳар кенгашига ўтган сайловга умумий 26 партия қатнашган. Уларнинг орасидан олти партия 7 фоизлик сайлов бўсағасидан ўтган, улар — «Эмгек», «Ак Бата», НДПК, «Ата-Журт Кыргызстан», «Ынтымак» ва «Биздин эл».

Бунга қадар Марказий сайлов комиссияси Ўш ва Тоқмоқ шаҳар кенгашларига ўтган сайлов натижасини бекор қилган. Ўшдаги сайлов натижасини бекор қилишга асосан маъмурий ресурсдан фойдаланиш ва овозларни сотиб олиш сабаб бўлган.

Ўш шаҳар кенгашига «Ата-Журт Кыргызстан» (48%), «Улуттар биримдиги» (17%), «Ыйман Нуру» (8%) ва «Ынтымак» (7%) партиялари ўтган.

Тоқмоқ шаҳрида эса деярлик ярим мандатлар «Эмгек» (47%) партиясига тўғри келган. Шунингдек шаҳар кенгашига «Бирге» (18%), «Эл биримдиги» (14%) ва «Республика» (12%) партиялари ўтишган. Рақиб партиялар «Эмгекти» оммавий рўйхатга олишда айбланишган.

Сайловдаги қонунбузарликлар

«Клооп»нинг кузатувчилари сайлов вақтида Қирғизистон бўйича сайлов участкаларида 800дан ортиқ қонун бузарликларни аниқлашган. Уларнинг орасида энг кўп автоматик ҳисоб урналарнинг бузилиши, овоз беришнинг яширинлигини бузилиши (масалан участка сайлов комиссияси аъзолари урнани ёнида туришган) ва сайлов участкалари ҳудудида ташвиқот ишлари кузатилган.

Бундан ташқари, «Умумий иш» фондининг кузатувчилари ўлка бўйича 281 қонун бузишни аниқлаб, Қирғизистоннинг ҳудудий сайлов комиссияларига 139 шикоят юборишган.

12 апрелда маҳаллий кенгашга сайловнинг натижаларидан норози бўлган партияларнинг вакиллари Марказий сайлов комиссиясининг биноси олдига митингга чиқишди. Улар сайлов вақтида кўплаган қонун бузишлар бўлганини, уларнинг орасида овоз сотиб олиш ва маъмурий ресурсдан фойдаланилганини айтишди. Шунингдек, митинглар Ўш шаҳрининг марказий майдонида ҳам ўтган.