Лайлакнинг Арка қишлоғининг тўрт ёшдаги турғуни Абидин Турсунбаев 29 апрелда каналга тушиб чўкиб кетган. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Кулунду қишлоғининг касалхонасига етказиш керак эди. Бироқ қирғиз-тожик чегарасидаги отишув сабаб йўлдан ўтишни имкони бўлмаган. Бола касалхонага етмай ўлган.
Абидиннинг бобоси Турсунбай Темиров «Клооп»га воқеа қандай бўлганини айтиб берди. Унинг айтишича, ўша куни икки набираси отишув бошланишидан ярим соат олдин самокат ўйнашган. Уйдагилар даъватчиларни меҳмон қилаётган вақтда Абидин ўзини тўхтата олмай пастдаги каналга тушиб кетган.
Ўша вақтда бошқа қўшнилар чегарадаги отишувлардан қўрқиб, қишлоқдан тоққа қараб кетишган. Темиров Абидиннинг дўконда ишлайдиган отаси билан онасига қўнғироқ қилганда телефонга жавоб беришмаган. Кейин бобоси дўконга бориб суриштирганда Абидин каналга тушиб кетиб, ота-онаси Кулунду касалхонасига олиб кетишганини билишган.
«Дўстлик қишлоғидаги медпунктга олиб борса, амаллай олмаймиз деган кўринади, Қулундуга олиб боришган экан. Отишув бўлаётгани сабаб уларни йўлдан қайтарибди. Ўғлим кейин «Абидиндан айрилдик» деди. Келиним машинани ичида ўлган набирамни олиб ўтирарди. Кейин озиқ-овқат олиб тоғ томон кетдик», — деб кўзига ёш олди Абидиннинг бобоси.
Боланинг бувиси Айшабубу Темирова набираларининг бири омон қолганига ва Абидиннинг жасади Тожикистон томонга оқиб кетмаганига шукур қилиб ўтирибмиз деди.
«Абидиннинг уч ёшли укаси «Абидин сувга тушиб кетди» деб йиғлаб келди. Кейин боришса кўчада оқиб кетаётган экан. Кўприкдан ўтганда Тожикистонга ўтиб кетарди. Каттароқ одам бўлмаган экан болани сувдан тортиб олгани. Шу ерда ўзи сувга чўккан болалар кўп эди. Сув катта бўлган», — деб йиғлади бувиси.
Бувиси Айшабубу Темирова бола 30 апрелда қўшни қишлоқда дафн қилинганини айтди. Сабаби отишувлар тўхтамагани сабаб Арка қишлоғига дафн қилишнинг имкони бўлмаган.
«Болам бўладиган бола эди. Телефон, компьютер ҳаммасини тушунар эди. Қишлоқда ёш болаларнинг ҳаммаси самокат ўйнаб, буларга ҳам олиб берган эдик. Мен уйдан чиқариб, бобоси кўчанинг охирида кутиб олар эди. Ўша куни биз меҳмонларга қараб, болалар ўзлари чиқиб кетиб шу иш бўлди», — деди Абидиннинг бувиси.
Абидиннинг бобоси Турсунбай Темиров ҳар куни уйдан чиқишдан олдин эшикни устидан ёғоч билан ёпиб кетарди. Унинг айтишича, воқеа бўлган куни меҳмонлар билан ҳалак бўлиб, бекитмаган. Шунингдек бобоси Абидиннинг ўлими чегарадаги қуролли тўқнашувларга боғлиқ эмас деди.
Абидиннинг онаси Динара воқеа бўлган куни турмуш ўртоғи билан ишда бўлган. Ўғли ҳақидаги хабарни қайнопаси айтган. Абидинни сувдан поччаси олиб чиққан. Ота-она сунъий нафас бериб, тез ёрдам машинасини кутмай Дўстлик қишлоғидаги касалхонага боришган.
«Улар қўлларидан келганича ёрдам беришди. Кейин Кулундудаги касалхонага юборишди. Бироқ йўлда кетаётганда отишувлар бошланиб, яна Дўстликка келдик. Кулундунинг ёки Исфананинг шифохонасига олиб ўтолганимизда балки боламни сақлаб қолишарди. Тез ёрдам хизмати болада пульс бўлгани билан юраги урмаяпти, умидингизни узинг деди», — дейди Динара.
Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув
Қирғиз-тожик чегарасидаги воқеа 28 апрелда Баткен туманининг Кўктош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлагичида тожик томон ўзбилармонлик билан видео кузатув камера ўрнатгани сабаб бошланган.
Чегарадаги отишувлар натижасида 189 киши яраланиб, уларнинг орасидан 36 фуқаро ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 12 ёшли Мадина ҳам бўлган. У 29 апрелда Лайлакнинг (Борбордук) қишлоғида тожик томондан отилган миномёт ўқидан ҳалок бўлган.
Шу куни Интернационал қишлоғига ўқ отила бошлаганда, Мадина онаси ва синглиси билан бирга қишлоқдан қочиб чиқишга ҳаракат қилган. Бироқ онаси билан унга ўқ тегиб, синглисининг оёғи жароҳатланган. Отишув узоқ давом этгани сабаб онаси Мадинага 40 дақиқагача етмаган. Касалхонага олиб кетаётганда қиз вафот этган. Онаси билан синглиси вертолётда Бишкекка етказилиб, улар операция қилинган. Мадина 30 апрель куни дафн қилинган.
Аввалига Қирғизистон ҳукумати ҳалок бўлганлар сони 35га етганини маълум қилган. Кейин 4 майда тўрт ёшдаги Абидиннинг ўлими қўшилган. Сабаби отишув оқибатида Абидин касалхонага вақтида етказилмай, тегишли ёрдам кўрсатилмаган.
Тожик ҳукумати 6 майда 87 тожик фуқароси жабрланиб, улардан 19 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Муаллиф: Нурпейил Ашур қизи
Муҳаррирлар: Элвира Султанмурат қизи ва Зарина Маматжанова