ТИВ ходимининг ўлими. Она ва болани ҳимоя қилиш марказининг директори ишдан бўшатилди

274

Бишкекдаги Она ва болани ҳимоя қилиш миллий марказининг директори Камчибек Узакбаев эгаллаган хизматидан бўшатилди. У вазир Алимкадир Бейшеналиевнинг кўрсатмаси асосида ишдан олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилди.

Узакбаевнинг ўрнига Она ва болани ҳимоя қилиш миллий марказининг директор ўринбосари Гулзат Маймерова тайинланди.

Эслатиб ўтсак, Камчибек Узакбаев мазкур тиббиёт муассасасида Ташқи ишлар вазирлигининг Консул хизмати департаменти директорининг ўринбосари Бахтияр Шакиров ўлгандан кейин тергов вақтида ишдан вақтинча четлатилган эди.

ТИВ ходими Бахтияр Шакировнинг ўлими

Ташқи ишлар вазирлигининг Консул хизмати департаменти директорининг ўринбосари Бахтияр Шакиров 1 апрелда 38 ёшида вафот этди.

Бишкек шаҳрининг Ленин туман ИИБнинг маълумотига кўра, 1 апрелда соат 00:14да милицияга воқеа бўйича билдирув тушади. Милиция ходимлари воқеа бўлган жойга келиб, Шакиров 31 март куни тахминан кечки соат ўн яримда Она ва болани ҳимоя қилиш марказига осма укол олиш учун таниш ҳамширага келганини аниқлаган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, Шакировго укол қилингандан кейин аҳволи ёмонлашиб, кейин ҳушини йўқотиб, кўп ўтмай вафот этган. Мазкур факт ЖУРга рўйхатга олиниб, тегишли суд-тиббий экспертизалар тайинланган.

Бунгача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ матбуот котиби Елена Баялинова фейсбук саҳифасига Шакировнинг яқинларига таяниб, у коронавирусга қарши SinoPharm вакцинасини биринчилардан бўлиб олганини ёзган.

«У Москвага курсга кетаётгани сабаб сақланиш мақсадида вакцина олган. Менинг фикримча, ССВ объектив хизмат текшируви олиб бориб, жамоатчиликка маълум қилиши керак», — деб билдирган Баялинова.

У кейинчалик эмоцияга берилиб ёзгани учун кечирим сўраган. Ўз навбатида вазирлик бу маълумотни инкор қилиб, Шакиров эмланганларнинг рўйхатида йўқлигини маълум қилган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазири Алимкадир Бейшеналиев ташқи ишлар вазирлигининг ходими Бахтияр Шакиров анафилактик шокдан ўлганини билдирган.

Шу куни Хитой элчилиги Шакиров эмлашдан кейин вафот этгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган айрим томонларнинг «бундай масъулиятсиз ва эътиборсиз муносабатини» кескин танқид қилган расмий мурожаат қилган.

3 апрелда вазирлик текширувни бошлаб, ТИВ ходими вафот этган тиббий муассасанинг бош шифокори, қулоқ ва бурун касалликлари бўлимининг раҳбари ва ҳамшираси ишдан вақтинча четлатилган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов