Қорасувда журнални қарагани учун ўқувчини калтаклаган ўқитувчига ҳайфсан эълон қилинди

296
Сурат: Ўш ВИИБи

Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Мамасали Тешебаев номли ўрта мактабнинг жисмоний тарбиядан дарс берган ўқитувчига ҳайфсан берилди. У бундан бир ҳафта олдин 8-синф ўқувчисини журналга қарагани учун қулоғидан чўзиб, жисмоний зарар етказган.

Мазкур мактабнинг директори Гулшайир Карамованинг айтишича, воқеа бўйича махсус мажлис ўтказилиб, ўқитувчи ўқувчининг ота-онасидан кечирим сўраган.

«Жисмоний тарбиядан ўқитган ўқитувчининг кўплаган мақтов ёрлиқлари бор. Шулар ҳисобга олиниб, олдин ҳайфсан берилди. Агар яна такрорланадиган бўлса, унда ишдан четлатилади», — деб тушунтирди Карамова.

Карамова ўқувчи ўқитувчилар хонасига кириб синф журналини варақлаётганда жисмоний тарбия ўқитувчиси кўриб қолган дейди. Ўқувчи кирган вақтда ўқитувчилар хонасида ҳеч ким бўлмаган. Карамова ўқитувчи тарбиялаш мақсадида ўқувчининг «қулоғидан чўзиб» қўйганини айтди.

Воқеа 13 апрелда бўлган. Ўқувчи Қорасув ҳудудий болалар касалхонасига ётқизилиб, ҳозир уйда даволанмоқда.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси воқеа бўйича «Соғлиққа енгил зарар келтириш» моддаси билан судгача текширувни бошлаган. Милициядан мазкур модда бўйича ўқитувчига жарима солинишини билдиришди.

Мазкур модда бўйича қонунда 30 мингдан 60 минг сомгача жарима қаралган. Ўш ВИИБидан ўқувчининг танасидаги жароҳатларни аниқлаш бўйича тайинланган суд-тиббий экспертизасининг хулосаси натижасида жариманинг миқдори белгиланади дейишди.