Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Интимак қишлоғининг 100га яқин турғуни Кампиробод сув омбори четига қирғиз уй тиклаб, МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевнинг келишини талаб қилишмоқда. Маҳаллийлар халқ сув омбори ҳудудидан 50 гектар ерни Ўзбекистонга берилишига қарши.
*МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев 30 мартда Ўзган туманидаги турғунлар билан учрашиш вақтида Кампиробод сув омборининг плотинаси бошидан 50 гектар ер Ўзбекистонга берилганини, бунинг ўрнига Қирғизистон бошқа ҳудуддан ер олганини айтган.
Турғунларнинг айтишича, улар Кампирободнинг четида беш кундан бери туну кун туришибди. «Клооп»нинг мухбирлари у ерга бориб, яшовчилар билан учрашди. Улар Кампирободга Ташиев ва Жогорку Кенеш депутатлари келиб, халқнинг талабини эшитиши керак деб ҳисоблашади.
«Қисқаси Ташиев ўзи келиб, халқнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриши керак. Баткенни тинчитиб, энди Қорасув туманини ғалвага солиб кетди. Еримизни бермаймиз, бир қошиқ қонимиз қолгунча курашамиз. Халқни ўйлаган президент келди десак, келмай туриб ерларни сотмоқда. Олдинги президентлар кон бойликларни сотса, Камчибек Ташиев ва Садир Жапаров ерларни сотяпти», — деди Интимак қишлоғининг турғуни Киял Эргешбаева.
Интимак қишлоғининг яна бир яшовчиси Ўзбекистонга берилади дейилган ҳудуднинг стратегик аҳамияти катта эканини таъкидлаб, плотинанинг бир учи Ўзбекистонга ўтмайди деди.
«Бу ерни ҳукумат берса ҳам, халқ бермайди! Агар берилса, унда берган одамларини қўшим ўтказиб берайлик [...] Бу билан бирга қирғизнинг қалпоғини берсин, байроқни, бўз уйни қўшиб берсин [...] Авлодларни ҳам ўйлаш керакда», — деб норози бўлди турғунларнинг бири.
«Сим билан тўсишга рухсат бермадик»
Бир кун олдин йиғилганлар билан учрашувга Бишкекдан делегация, ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакилининг биринчи ўринбосари Бактибек Алайчиев, Қорасув тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Капар Адиев, туман архитектура хизматидан вакиллар келишган. Бироқ турғунлар муаммо бўйича ҳеч қандай керакли жавоб олишган эмас.
Яшовчиларнинг айтишича, ҳукумат вакиллари Ўзбекистоннинг делегацияси билан учрашишни ва бериладиган ерни аниқлашни исташади. Бироқ халқ ўзбек томон чегарани сим билан тўсишига қаршилик қилишган.
«Ўзбек томоннинг делегацияси плотина билан келди, бизнинг делегация эса Интимак қишлоғи билан келди. Кейин ўзбек томон бемалол тўсадиган симларини олиб ўлчай бошлади. Биз бунга йўл қўймадик. Келган одамларга «нимага биз билан учрашмай бу ерга келдингиз» десак, сизларни «Ўшга кетишди» дейишди деди. Биз ҳеч қаерга кетмадик!» — дейди турғун.
*3 апрелда Қорасув туман маъмуриятининг бўлим раҳбари Дениз Назаралиев 50 гектар ернинг чегараларини аниқлашда турғунларнинг фикри ҳам инобатга олинади деб ишонтирган. Чегаралар маҳаллий яшовчилар кўрсатилиб кейин аниқланади деган.
Абдисалам Жаабаев Интимак қишлоғининг яшовчилари уч кун олдин Ўш вилоятининг раҳбари Жарасул Абдураимов билан учрашганини айтди. Абдураимов уларнинг талабини ҳукуматга етказишини ва муаммони уч кун ичида ҳал қилишга қаъда берган.
«Ҳозир экин экадиган вақт, бироқ биз шу ердан кетмай, еримизни бермаймиз деб ўтирибмиз. Булар [ўзбек томон — ред.] кундан-кунга ўтиб келишмоқда. Тош кўп бу ерда, тош тугагунча ерни бермай олишамиз. Биз ўзбек томонни Шаркан-Сойдан бу томонга ўтмаслигини истаймиз», — деди Жаабаев.
Ташиевнинг Ўзбекистонга бўлган сафари
МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев бошчилигдаги ҳукумат делегацияси 24-25 мартда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида чегарани аниқлаш учун музокара олиб борди. Кейин 30 мартда Ўш вилоятининг Ўзган туманида маҳаллийлар билан учрашган. Унда у Ўзбекистон Кампиробод сув омборининг атрофидан 100 гектар ерни сўраганини айтиб, бироқ Қирғизистон 50 гектарини беришга келишганини билдирган.
Бундан ташқари, Кампиробод сув омборининг плотинаси Ўзбекистонга ўтганини таъкидлаган. У мазкур қарорни тўғри деб айтиб, сувнинг миқдори тушгандан кейин маҳаллий турар-жойларни сув қопламайди деган.
Сув омбори масаласи бўйича Ташиев бундан кейин муаммо бўлмайди деб ишонтирган. Сувдан маҳаллий халқ фойдалана олади деб айтган.
«Сувнинг боши Саломаликда туради. Келишув энди бундай бўлади, «сув омборига кирмайсан» деб балиқ тутишга йўл беришмасди. Энди бундай бўлмайди. Қирғоқда яшаган аҳолига сувдан фойдаланишга имкон бор, мол суғорса бўлади, балиқ овлаб, насос билан сув тортиб экин суғорса бўлади. Тўсиқ ҳам тортилмади», — деган Ташиев.