МХДҚ: Райимбек Матраимовнинг устидан қўзғалган жиноят иши қисқартирилди

388

Божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича жиноий иш қисқартирилди. Бу ҳақда 15 апрелда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилди.

МХДҚ суд жараёнини бошлашга «Азаттык»да эълон қилинган журналистик суриштирувнинг материаллари асос бўлганини таъкидлаган. Унда Матраимов Дубайдаги қимматбаҳо мулкка эгалик қилиши айтилган эди.

Хавфсизлик хизмати Матраимов ва унинг оила аъзоларига тегишли кўчмас ва кўчар мулклар бор-йўқлигини аниқлаш учун МДҲ давлатларига, Европа, Хитой, Туркия ва Дубайга тегишли сўров юборган.

«Бироқ мазкур мамлакатларнинг ваколатлари органларининг расмий ҳужжатларига кўра, Матраимов ва унинг оила аъзоларининг [бу давлатларда] кўчмас ва кўчар мулклари йўқ бўлиб чиқди. Шу сабаб журналистларнинг материалларида келтирилган сабаблар тасдиқланмади. Бундан ташқари, Р. Матраимов ва унинг оила аъзолари томонидан чет давлатларида турли кўчмас мулк сотиб олиш фактлари тасдиқланмаган», — деб билдирди МХДҚ.

Шу сабаб Райимбек Матраимовга нисбатан қўзғалган жиноий иш қисқартирилиб, қамоққа олиш туридаги эҳтиёт чораси бекор қилинди.

«Шу билан бирга Р.Матраимов ўз ихтиёри билан нархи 20 млн сомдан юқори, умумий майдони 232,3 кв метр квартирасини давлат бюджетига ўтказиб берди», — деб таъкидлайди МХДҚ.

Матраимов ким?

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.

Абдукарнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, бундан ташқари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «садақа» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн сом чиқариб кетилганини исботлашган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаларининг орти билан қанча пул топишгани ҳамон аниқланмаган. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойиши очиқ кўринган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қиммат мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхати»га киритилган.

11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси ўтган. Шунча катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май туман судида ўтган мажлис тез тугаб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.

18 февралда МХДҚ Матраимовни жиноий даромадларни қонунийлаштиришга боғлиқ янги иш асосида қўлга олинган. У икки ойга тергов қамоғига киритилган. Энди бу жиноий иш қисқартирилди.

Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.

Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.