Бишкекнинг Биринчи май туман суди собиқ депутат Ўмурбек Текебаев ва собиқ фавқулотда ҳолатлар вазири Дуйшўнкул Чотоновнинг ишини қисқартирди. Улар 2017 йили россиялик бизнесмен Леонид Маевскийдан 1 млн доллар пора олишда айбланишган.
13 апрелдаги суд мажлисида прокуратура Текебаев ва Чотоновнинг айблари «исботланмагани сабаб» қўйган айбларини инкор қилди. Бунинг асосида Биринчи май туман судининг судьяси айбланувчиларни тўлиқ оқлади. Бундан ташқари, сиёсатчиларнинг мулклари қамоқдан чиқарилди.
Шунингдек, судья сиёсатчилар реабилитациядан ўтишга ҳақли эканини айтди. Бу дегани Текебаев ва Чотонов маош, пенсия ва «бошқа ҳуқуқларини» қайта тиклай олади деган маънони англатади.
Текебаев суд ҳукмидан кейин журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб, у давлатдан ундириб оладиган моддий компенсациядан бош тортишини билдирди.
«4 млн сом бўлар экан, уни рад этаман. Ойлик ва бошқа масалаларни кўтарсак, ҳукумат тўлаб бериши керак экан. Ҳукуматда пул танқис бўлиб турганда, COVID-19га тайёргарликлар ночор бўлган вақтда пул сўрасам нотўғри бўлади», — деди у.
Шунингдек, Текебаев суд ҳукмидан қувонмаганини қўшимча қилди.
«Менда ва яқинларимда қувонч туйғуси йўқ. Енгиллик, чарчоқ қатори қабул қиляпман. Бугунги қарордан қувонадиган бир одамни биламан у — онам. У суд мажлисларини унутмай сўраб турар эди. Онам эрталаб жонлантириш бўлимидан чиқди, бу хабар унга куч-қувват бериб соғайтиради деб ўйлайман. Она ҳаммаси яхши бўлади», — деди сиёсатчи.
Собиқ депутат амалдаги ҳукуматга идеологик оппонент бўйича қолишини, яқин кунларда партиянинг сиёсий кенгашини йиғиб, кейинги иш режаларини аниқлашини қўшимча қилди.
Текебаев ва Чотоновнинг иши
Ўмурбек Текебаев ва Дуйшўнкул Чотонов 2017 йили «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топилиб, мулкларини мусодара қилиш билан бирга 8 йилга ҳукм қилинган. Текебаев тадбиркор Маевскийга «Мегаком» миллий операторини бошқаришга имкон беришни ваъда қилиб, ундан 1 млн доллар олгани айтилган. Чотонов эса бу ишда воситачи бўлганига айбланган.
Чотонов ҳам, Текебаев ҳам ўзларига қўйилган айбларни тан олмай, ишни «сиёсий буйруқ» деб аташган. Бундан ташқари, улар жиноий иш биргина Маевскийнинг кўрсатмаларидан асосланганидан норози бўлишган.
Текебаев 2017 йили февралда ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаевни танқид қилиб юрганда қамоққа олинган. Сиёсатчи Атамбаевнинг ташаббусларига қарши чиқиб турган — у ва унинг «Ата Мекен» партияси 2016 йилнинг охирида қабул қилинган Конституциявий ўзгартиришларга қарши бўлишган.
2019 йили Олий суд аввалги суд қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга юборган. Кейинчалик улар уй қамоғига чиқарилган.