«Улуттар Биримдиги» партиясининг лидери, Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзакматов президент Садир Жапаровга маҳаллий кенгашларга депутатларни сайлаш ҳақида мурожаат қилди. У маҳаллий кенгашларни сайлашни ва Конституцияни ўзгартириш бўйича референдумни 2020-йили ўтиб, натижаси бекор қилинган парламент сайлови билан солиштирди.
Унда кўплаган қонун бузишлар, овоз сотиб олиш, таҳдидлар бўлиб, бу норозилик акциясига олиб келган. Митинг вақтида Оқ уй босиб олиниб, қамоқдаги сиёсатчилар, уларнинг орасида Садир Жапаров қамоқдан озод қилинган.
«Бахтга қарши соат 14:00гача билишимча, Ўш шаҳрида сайлов қонунларни қўпол равишда бузиш билан ўтмоқда. Ижтимоий тармоқларда ва ОАВларида маъмурий ресурсдан очиқ фойдаланиш, овоз сотиб олиш фактлари бўйича сурат, видеолар чиқмоқда. Ҳозирги ҳолат менга ўлкадаги ҳукуматнинг алмашишига асос бўлган 2020-йили 4-октябрда ўтган «қароқчиларнинг сайловини» ёдга солмоқда», — деди у.
Унинг айтишича, Ўш шаҳрининг ҳукумати «қонунсизликнинг ташаббусчиси», сайлов комиссиялари эса «маҳаллий ҳукумат органларининг ва мақоми номаълум бегона одамларнинг таъсири остида» қолишди.
«Бу фактларнинг ҳаммаси Ўш мэрияси ва унинг тизимли бўлимлари турли баҳона билан ҳукуматни сақлаб қолиш учун самарали иш олиб бориб, бир партиянинг манфаатини кўзлаётганини кўрсатмоқда», — деди Мирзакматов.
Бунгача Ўш шаҳар кенгашининг сайловига қатнашаётган «Бутун Қирғизистон», «Улуу журт», «Бир Бол», «Республика» ва «Улуттар Биримдиги» партияларининг вакиллари «Ата-Журт Қирғизистон» партияси босим ўтказаётганини айтишган. Улар «Ата-Журт Қирғизистон» партиясини маъмурий ресурс ва овоз сотиб олишда айблаб, уларга нисбатан чора кўрилмаётганидан норози бўлишган.