Қирғизистоннинг мусулмонлар дин бошқармаси ўғирланиб кейин ўлдирилган Айзада Канатбекованинг воқеасини танқид қилиб, буни шариатга ва одамгарчиликка тўғри келмаган, одамларни ғазаблантирган аянчли воқеа бўлганини билдирди.
«Одамнинг жони омонат! Уйланаман деб бошқанинг тақдири билан ўйнашма!... Бугунги кунда жамиятимизда айрим ҳолларда бўлаётган «аёлларга бўлган зўравонлик фактлари» ачинарли ҳолат бўйича қолмоқда... олиб қочиш ҳаром. Шариатда олиб қочиш тақиқланади. Қизни мажбурлаб уйланишга йўл берилмайди. Шунингдек, бошқа одамларга зарар беришнинг ҳамма тури ҳаром», — деб айтилади муфтият тарқатган билдирувда.
Айзаданинг ўлими
26 ёшдаги Айзада Канатбекова 5 апрель куни эрталабки соат 7лар атрофида ўғирланган. У оиланинг ёлғиз қизи бўлган. Қирғиз-Турк «Манас» университетининг Жисмоний тарбия ва спорт факультетини 2020 йили тугатган. Унинг жасади 8 апрелда Балиқчи шаҳрида дафн қилинди.
Жиноятни уюштирувчи — 35 ёшдаги Замирбек Тенизбаев, у Айзадага унинг эркига қарши уйланишни кўзлаган. Тенизбаев олдин Россияда турли жиноятлар учун судланган.
Канатбекова Бишкекнинг Медеров ва Тинистанов кўчаларининг кесилишида ўғирланган. Кузатув камерага тушган кадрларда уни бир неча киши мажбурлаб, қизил рангдаги Honda Civic машинасига солиб кетишганини кўриш мумкин.
Машинанинг рақами ва ранги маълум бўлгани милиция ходимлари Канатбековани икки кун давомида излаб тополмаган. 7 апрелда Айзаданинг ўлиги Аламудун туманидаги далада Honda Civicнинг ичидан топилган. У билан бирга машинанинг ичида гумондор Замирбек Тенизбаевнинг ҳам жасади топилган.
Терговнинг маълумоти бўйича, Тенизбаев марҳумни футболкаси билан бўғиб ўлдириб, канцеляр пичоқ билан ўзининг томирини кесиб юборган.
Бу воқеа халқ орасида норозиликка сабаб бўлиб, Бишкек ва Ўшнинг турғунлари шаҳар милицияси биносининг олдида норозилик акцияларига чиқишди. Бишкекда йиғилганлар ички ишлар вазирини ва шаҳар милицияси раҳбарини истеъфосини талаб қилишди.
Бугунги кунда Айзадани ўғирлашда иштироки бор тўрт гумондор қўлга олинди. Тергов ҳаракатлари бормоқда.