МСК Бакиров ва Аманкуловнинг депутатлик ваколатларини тўхтатди

243

МСК 1 апрелда депутатлар Мирлан Бакиров билан Марат Аманкуловнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатди.

Бакиров бошқа ишга ўтгани сабаб ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилгани айтилган. У 30 мартда Давлат мулкни бошқариш фондининг раҳбари бўлиб тайинланган.

Аманкулов эса депутатлик ваколатларини топшириши ҳақида ўзи ариза ёзган. Бунга қадар МХДҚ Аманкулов ноқонуний бойишда гумон қилинаётганини билдирган. Унинг бойлиги 1,5 млрд сом деб аниқланган.

Мирлан Бакиров ким?

Мирлан Бакиров парламентга 2015 йили «Онугуу-Прогресс» партиясининг байроғи остида келган. 2020 йилдаги парламент сайловида Бакиров собиқ божхоначи Райимбек Матраимовга тегишли деб айтилган «Мекеним Қирғизистон» партиясини бошқарган.

* Райимбек Матраимов — «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқарилиб кетган 700 млн доллар бўйича суриштирувининг фигуранти. У айбдор деб топилиб, давлатга 2 млрд сом тўлаган. Бироқ ҳукм енгил бўлгани сабаб муҳокама бўлиб — суд Матраимовни 260 минг сом жаримага тортиб, озод қилган. Ҳозирда Матраимов жиноий даромадларни қонунийлаштириш бўйича айбланаётгани сабаб, унга нисбатан қамоқда қолдириш турида эҳтиёт чораси қабул қилинган.

«Мекеним Қирғизистон» яна бир ҳукуматчи дейилган «Биримдик» партияси каби сайловда ғалабага эришган. Сайлов олди ташвиқот ишлари вақтида партия бир неча бор сайловчиларнинг овозларини сотиб олишга ва бошқа қонун бузарликларда айбланган.

Шу икки партиянинг сайловдаги ғалабаси оммавий тартибсизликларга олиб келиб, 2020 йилнинг октябрь ойида Қирғизистонда сиёсий инқироз ва ҳукумат алмашишининг асосий сабабларидан бири бўлган.

Марат Аманкулов ким?

Марат Аманкулов Жогорку Кенешга 2015 йили депутат бўлиб келган. У парламентга КСДП партиясидан сайланган. Олдин у Бишкек шаҳар кенгашининг депутати бўлган.

Марат Аманкулов — Ўтган парламент сайловида «Биримдик» партиясининг раиси бўлган. Партияни собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбеков билан боғлашган. Асилбек Жээнбеков ҳам натижаси бекор қилинган парламент сайловига «Биримдик»нинг таркибида келган.

Марат Аманкулов 2019 йили Москвада Россия билан Қирғизистоннинг ҳамкорлиги йилига бағишланган тадбирда айтган сўзлари билан жамоатчиликда муҳокамага сабаб бўлган. Видеода Аманкулов «30 йиллик мустақилликдан кейин ўйланиш ва қайтиш фурсати етди» деган.

Аманкуловнинг бу сўзидан кейин Бишкекда мустақиллик учун митинг ўтказилган. Шунингдек, депутатнинг устидан МСКга ариза берилиб, уни сайловга қўймаслик талаб қилинган. Бироқ МСК аъзолари Аманкулов сайловга қатнашаверсин деган қарор чиқарган.

Аманкулов «Биримдик»нинг раҳбарлигидан 2020 йилнинг декабрь ойида кетган. У ҳеч бир партиянинг таркибига кириш режаси йўқлигини айтган.

Аманкулов нима бўйича айбланган?

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси Аманкулов сиёсатда бўлган вақтда «расмий даромадларидан бир неча марта кўп кўчмас ва кўчар мулкка эга бўлганини» аниқлаган. Тергов версияси бўйича, депутат бойликларини яшириш учун мулкларининг ҳаммасини расмий тасдиқланган даромади йўқ қариндошларига ва ўзига алоқадор одамларга расмийлаштирган.

«У ноқонуний бойликларини келиб чиқишини қонунийлигини исботлаш мақсадида уларни сотиб олишдан олдин молия-кредит муассасаларидан насия олган деб ҳужжатларни тўғирлаган», — деб билдиришган МХДҚдан.

Хавфсизлик қўмитасининг версияси бўйича, Аманкулов ўзининг Бишкек шаҳар кенгашидаги ва 2008-2020 йиллари парламентдаги сиёсий таъсирининг ёрдами билан бойиган.

МХДҚ депутатнинг бошқа бойликларини ва йиғилган маблағларини қонунийлаштиришга алоқаси бор одамларни аниқлашни давом эттираётганини билдирди. Хавфсизлик қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев Аманкулов давлатга келтирган зарарни тўлай бошлаганини маълум қилган.