Ташиев: Қирғизистон Тожикистонга Ворухни алмашишни таклиф қилди

311

Қирғизистон Ворух анклавини алмаштириш бўйича Тожикистонга икки таклиф берди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев матбуот анжуманида билдирди.

«Биз Ворух бўйича тожик томонга ўзимизнинг икки таклифимизни бердик. Биринчи таклиф — анклави ҳудудини қонуний равишда ўлчаймиз, анклав энди ўсмайди. Анклавга Оқсойни айланиб кириб-чиқиш учун ўзимизнинг ҳудуддан йўл берамиз. Иккинчи таклифимиз — биз Ворух анклавини алмаштиришга тайёрмиз, Ворухни бизга берса, Лайлак туманидан ёки Баткен туманидан бошқа жойлардан ер беришга тайёрмиз», — деди у.

Ташиев Ворух анклавининг ҳудуди тахминан 12 минг гектарни ташкил қилишини айтди. Бундан ташқари, агар тожик томон алмашишга рози бўлса, қайси жойлар таклиф қилинганини ва уларнинг рўйхати ҳам берилганини ҳам қўшимча қилди. Бироқ Тожикистон шу кунга қадар жавоб бермаганини таъкидлади.

Қирғиз-тожик чегарасининг ҳал қилинмаган муаммоси

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 976 чақиримни ташкил қилади. Унинг 504 чақирими демаркацияланган. Қолган ҳудудлар ҳамон аниқланмаган. Икки давлат чегарасини аниқлаш бўйича иш олиб борган ҳукуматлар аро комиссияси қайси ҳужжатларга, харитага таяниши кераклиги бўйича бир фикрга келмаган. Тожик томон Ворух Тожик ССРнинг таркибида бўлгани кўрсатилган 1924-1927 йилдаги харитадан фойдаланиш кераклигини айтса, Қирғизистон 1958-1959 ва 1989 йиллардаги харитадан фойдаланиш кераклигини айтади. Ворух ҳудуди 1950 йиллари Қирғизистонда анклав бўлиб қолган.

Мазкур ҳудуднинг турғунлари орасида жанжаллар ер, яйлов, сув талашдан келиб чиқади. 2019 йили ҳам июль ойида жанжал чиқиб, ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбеков билан тожик президенти Эмомали Рахмон можаро бўлган ҳудудда учрашган.

Қирғиз ҳукумати жанжал сабаб 17 қирғизистонлик яраланиб, айримлари ўқ теккан. Тожик томон бир киши ҳалок бўлганини ва ўн киши жабрлангани ҳақида хабар қилган.

Оқсой — Тамдиқ йўли

Қирғиз ҳукумати Баткенда Оқсой — Тамдиқ айланиб ўтувчи машина йўлини қурмоқда. Бу йўлнинг қурилиши натижасида 2019 йилнинг 13 мартида можаро бўлган.

Ворухнинг турғунлари бу йўлнинг қурилишига қарши чиқишган, чунки уларнинг фикрича, йўл Тожикистон билан Қирғизистоннинг баҳсли ер участкалари орқали ўтади. Қирғиз ҳукумати эса йўлнинг қурилиши Қирғизистон ҳудудида бўлаётганини билдиради.

Кўктош — Оқсой — Тамдиқ — Кишемиш айланма йўлининг қурилиши 2014 йили бошланган. Мазкур қатнов Тожикистоннинг Ворух анклавини айланиб ўтиб, Қирғизистонга қарашли Кишемиш яйловига олиб боради. Йўлнинг узунлиги 25 чақиримни ташкил қилади. 13 мартдаги жанжалдан кейин айланиб ўтувчи йўлга ҳам тўрт чақирим қўйилган. Транспорт вазирлигининг маълумоти бўйича, йўлнинг 21 чақирими битирилган.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида аниқланмаган ерлар кўп. Бу чегарага яқин ҳудудларда келишмовчиликлар чиқишига шароит яратади. Икки давлатнинг турғунлари сувдан фойдаланиш ва чегарадан ноқонуний ўтиш муаммолари бўйича тез-тез жанжаллашишади.