Жапаров ва Путин Жеруйда олтин ишлаб чиқариш комбинатини ишга киргизди

296

Президент Садир Жапаров 17 мартда Россия президенти Владимир Путин билан бирга Жеруй олтин конидаги олтин ишлаб чиқарувчи корхонанинг очилишига қатнашди.

Комбинатнинг очилиш маросимида Жапаров «Жеруй лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириш республиканинг инвестициявий потенциалини ривожлантиришга катта туртки бўлади» деб айтди.

*Талас вилоятидаги Жеруй олтин конини ишлатишни «Альянс-Альтын» ишхонаси ўз зиммасига олган. 2015 йили конни ишлатиш учун лицензия аукцион орқали «Русская платина» корпорацияси таркибидаги Россиянинг «Восток-геолдобича» компаниясига 100 млн долларга сотилган.

Шу билан бирга Жапаров Жеруй конини ишлатишда барча экологик талабларга амал қилиб, ишхона маҳаллий халқ билан ҳар доим диалогда бўлиши зарурлигини қўшимча қилди.

«Қирғизистон умумий тоғ-кон саноатининг салоҳиятини оширишга ва ўлка иқтисодини ривожлантиришга шароит яратувчи мана шундай лойиҳаларни бундан кейин ҳам қўллайди деб ишонтирмоқчиман. Биз Қирғизистон бозорига рус инвестициялари киришидан доим қувонамиз» — деди Жапаров.

Президентнинг айтишича, ишхонада 95% қирғизистонликлар ишлайди.

Россиянинг президенти Владимир Путин коннинг очилишига онлайн-форматда қатнашди. У ўз сўзида Қирғизистон билан Россия «биргаликдаги энг йирик лойиҳани» амалга оширганини таъкидлади.

«Бу лойиҳа Россиянинг Қирғизистонга киритган инвестициясининг рекорд кўрсаткичи. Унинг миқдори 600 миллион долларни ташкил қилади», — деб билдирди Путин.

Шунингдек, ишхона ҳар йили 5 тоннага яқин олтин ишлаб чиқаришни режалаштираётганини қўшимча қилди.

Жеруй конидаги ишнинг тўхташи

Жеруй конидаги завод 2020 йилнинг 6 октябридан бери ишламайди. Ҳукумат алмашиб, тартибсизликлар бўлганда, ҳудудларда номаълум одамлар Жеруй олтин конига кириб, у ердаги мулкларни тунаб кетишган. Кейин компаниянинг бир биносини ёқиб, омборни талон-тарож қилиб, бир машинанинг ойналарини майдалашган.

Жеруйга бўлган ҳужум 15 млн доллар зиён келтирган. Милиция ишхонадаги тартибсизликлар факти бўйича судгача текширувни бошлаган.

Ўша вақтда премьер-министр ва президент вазифасини бажарувчи бўлган Садир Жапаров Жеруй ва бошқа конлардаги тўполонлар ўкинчли эканини айтган, чунки бу иқтисодий инқирозни кучайтирган. Бироқ Жапаров тўполонга ва ўзгалар мулкига зарар келтиришга қатнашган қишлоқликларни ҳимоя қилган.

Кейинчалик таласликларнинг вакили инвесторларга талаб қўйган: конни ишлатишдан тушган улушнинг 50%ни уларга ёки давлатга бериш ва иш шартини қайта кўриб чиқиш. Улар инвесторларга шартларга рози бўлиш учун «янги йилгача» вақт беришган.