Янги умумий фуқаролик биометрик паспортларни бериш 2021 йилнинг куз ойларигача чўзилиши мумкин. Бу ҳақда ҳукумат йиғинида Иқтисод ва молия вазирининг ўринбосари Данияр Иманалиев билдирди.
Бу вақтгача ҳукумат электрон умумий фуқаролик паспортлар 1 майдан бошлаб берилишига ишонтирган эди.
Иманалиевнинг айтишича, май ойида берилиши керак бўлган паспортлар муддатида битмай қолиши эҳтимоли бор ишларнинг қаторига киритилган. Лойиҳа сентябрь ойида ишга тушиши мумкин.
«Бугунги кунда 1 майга кўра электрон паспортларни киритишда жиддий хавфлар бор. Электрон чипни ишлаб чиқиш бўйича ишлар бормоқда, бироқ паспортларга маълумотларни лазер ёзуви билан киритиш бўйича масала ҳал қилинмаган. Етказувчилар томонидан муаммолар тўлиқ ҳал бўлмаган», — деб билдирди Иманалиев.
Бу бўйича премьер-министр Улукбек Марипов ҳукумат талабалар ва оддий фуқаролар чет ўлкага эмин-эркин чиқиши учун 40 минг паспортнинг муддатини узайтиришга мажбурлигини таъкидлади.
Қирғизистондаги «паспорт инқирози»
Қирғизистонда умумий фуқаролик паспорт (чет ўлкага чиқиш учун паспорт) танқис бўлиб, уни топшириш кечиктирилаётгани ҳақида 9 мартда ҳукуматнинг матбуот хизмати билдирган.
e-Passport (биометрик маълумотлар бўлган паспорт) хизматини ишга тушириш 2020 йилнинг 25 декабрида бошланиши керак эди. Бироқ ДРХ хизмати 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб электрон паспорт берилади деб ваъда берган. Кейин эса электрон паспортларни бериш май ойидан бошланиши айтилган.
Премьер-министр Марипов Давлат рўйхатга олиш хизматининг раиси Акин Мамбеталиевга бефарқ муносабати учун ҳайфсан эълон қилиб, ўринбосари Тилек Батиркановни ишдан бўшатган.
Марипов «тез орада миллий умумий фуқаролик ePassport паспортларни беришни йўлга қўйиш» топшириғини берган. Агар яна тўхтаб қоладиган бўлса, жиддий чора кўрилишини таъкидлаган.
Янги паспортлар 30дан ортиқ замонавий хавфсизлик элементлари билан ҳимоя қилинади.