Муфтиятдаги миллионлар. Ҳаж учун дейилган пуллар қаерга сарфланган?

291

«Азаттык» 10 мартда Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг раҳбарияти ҳаж сафарига йиғилган маблағлар ҳақида суриштирувни эълон қилди. Мазкур суриштирувда журналистлар муфтият бир неча йилда йирик миқдордаги маблағларни компанияларга ва жисмоний шахсларга моддий ёрдам қатори берганини аниқлади.

Шунингдек, дин бошқармасининг раҳбариятида «Биримдик» партияси билан алоқадор одамлар борлиги ошкор қилинди.

«847 минг доллар кам бўлмоқда»

Саудия Арабистони 2020 йили ҳаж сафари учун Қирғизистон фуқароларига 6 минг квота ажратган — унинг 500 ҳаж сафарини уюштириш бўйича штаб вакилларига берилган. Қолган 5 500 киши 3 350 доллардан бериб, йиғилган маблағларнинг умумий суммаси 18 млн 400 минг долларга етган.

Коронавирус пандемияси сабаб чегаралар ёпилиб, ҳаж сафари тўхтаб қолган. Муфтиятдан эса сафарга борувчилар келаси йили буни рад этишса, пуллари қайтариб берилади деб билдиришган.

Уламолар кенгашининг раиси Абибилла Кадирбаев 5 500 кишининг орасидан 2000га яқини пулларини қайтариб олганини билдирган. Бундан ташқари, навбатда турган одамларнинг ҳам маблағлари бор деб айтган. Улар 500 доллардан беришган. Шуларнинг ҳаммаси бўлиб ҳисобда 16 млн доллар бўлиши керак дейди.

«Мен бу пуллар бўйича ҳисоб берилишини талаб қилганман. Икки марта муфтиятга ёздим, бироқ жавоб ололмадим. Менга ҳисобчи оғрияпти дейишди. Аслида банкдаги маблағларни айлантириш қонунга ҳам, шариатга ҳам тўғри келмайди», — деган у 11 февралда.

КМДБнинг моддий ишларини текширган аудитор Дениз Бекишов кассада 847 минг АҚШ доллари камомад бўлаётганини айтди.

«Бундан ташқари аввалги қолган пуллар билан — бир миллиондан ошиб кетади. Агар ҳожилар келиб ҳаммаси ўз пулларини талаб қиладиган бўлса, муфтиятнинг пули етмай қолиши мумкин», — дейди Бекишов.

«Биримдик» билан алоқа

Текширув вақтида Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг раҳбарияти 2020 йилнинг 18 августида «Налоговой представител» МЧЖга 155 млн сом «моддий ёрдам» қатори ўтказгани аниқланган. Шартномага кўра, маблағлар 2020 йилнинг 31 декабрида қайтарилиб, бунинг устига 14 млн сом «мукофот» ажратилган. Компания мазкур маблағларни 2020 йилнинг 21 октябридан қайтара бошлаган, бироқ қарз 21 январда тўлиқ тўланган.

«Ўша 14 млн шартнома бўйича кириши керак эди. Ҳозир шуни кутмоқда. «Налоговый представител» ўзининг вазифасини бажаради деган ниятдамиз», — деди муфтиятнинг марказий текширув комиссиясининг аъзоси Бакит Нурдинов.

Бундан ташқари, Нурдинов ҳаж сафарига йиғилган пулларнинг 1 млн 300 минг доллари банкда депозитга солинганини айтиб, унинг фойдасини ким кўраётгани номаълум эканини билдирди. Шунингдек бу ҳаракат шариат томондан «ҳаром», бироқ қонунга тўғри келишини қўшимча қилди.

«Азаттык»нинг журналистлари муфтият «Налоговый представител» компаниясига пул ўтказиш учун ҳаж сафарига дейилган 1 млн 989 минг долларни сомга айлантиришганини ҳисоблаб чиқишди — унда бир доллар деярлик 78 сомга тенг бўлган. «Налоговый представител» қарзни тўлиғи билан қайтарганда долларнинг курси деярлик 85 сомни ташкил қилган — бу дегани муфтият 13 млн сомга яқин маблағ йўқотганини билдиради.

«Налоговый представител» МЧЖга Нурлан Чинибеков номли одам эгалик қилади. Ўтган йили бўлган парламент сайловида Чинибеков «Биримдик» партиясининг ҳисобига «ихтиёрий хайрия» қатори 200 минг сом ўтказилгани кўрсатилган. «Биримдик»ка умумий 163 киши 32,6 млн сом тўплаган.

Бироқ Чинибеков сиёсий партиянинг ҳисобига пул ўтказмаганини айтмоқда.

«Ҳеч нарса ўтказмадим. Ҳисобчи паспортимни бир-икки марта сўраганда берганман, бироқ ҳеч нарса тўлаган эмасман [...] «Биримдик»нинг ҳисобчиси эмас, муфтиятнинг ҳисобчиси Жениш [Бекиев] акага берганман», — деди Нурлан Чинибеков.

Бу вақтгача президент Садир Жапаров КТРКга берган интервьюсида муфтиятнинг раҳбарияти умумий 7,7 млн долларни сомга айлантириб, унинг қисмини — 155 млн сомни — фирма орқали парламент сайловига қатнашган партиянинг харажатларига ишлатганини айтган. Бироқ Жапаров бу қайси партия эканини очиқлаган эмас.

Собиқ муфтийнинг бизнес-ҳамкорлари

Юстиция вазирлигининг базасида Максатбек Токтомушев «Централно-Азиатская компания по туризму и торговле» ва «РИБХ» компанияларининг асосчиларидан бир қанчаси кўрсатилган. «РИБХ» компаниясининг яна бир асосчиси Канибек Туманбаев — «Биримдик» партиясидан парламент сайловига қатнашган. «Азаттык» Туманбаев собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг маслаҳатчиси Икрамжан Илмияновнинг ишончли одами бўлганини билдирди.

«РИБХ» компаниясининг директори қатори Баатирбек Жантаев кўрсатилган — у «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг моддий-техник бўлимининг етакчиси.

*Жантаевноми олдин «Кыргыз Темир Жолу» ишхонасининг тендерларига боғлиқ журналистик суриштирувда ҳам айтилган.

Жантаев бунга қадар муфтиятдан икки марта моддий ёрдам олган: биринчи марта 2019 йилнинг 18 мартида 400 минг доллар олиб, беш ойдан кейин қайтариб берган. Ўша йили 24 декабрда Жантаев муфтиятдан 700 минг доллар олган — бироқ бу маблағлар қайтарилмаган.

Бундан ташқари, Жантаев «БКС қурулуш фирмаси»га ва «Блек Стар Бургер» МЧЖнинг асосчиларининг қаторида бор. Парламент сайловигача қурилиш компаниянинг директорлик хизматида «Биримдик»нинг аъзоси Канибек Туманбаев бўлган. Токтомушев 2019 йили «Блек Стар Бургер»нинг очилиш маросимига қатнашган.

Сурат: «Кабар» нашри

Шунингдек, «Азаттык» муфтият бунгача ҳам жисмоний шахсларга пул берганини очиқлади:

  • 2019 йилнинг 27 декабрида Жалалидин Акилбаев — 200 минг доллар;
  • 2020 йилнинг 22 январида — Абдубуркан Жеэнбеков 165 минг сом;
  • 2020 йилнинг 27 февралида — Тазабек Жусубалиев 150 минг сом;
  • 2020 йилнинг 11 мартида — «Тали Эйр» МЧЖ 300 минг сом.

Бу пуллар ҳамон қайтарилмаган.

«Кўплаган бошқа фирмаларга, жисмоний шахсларга пул шундай берилаверган. Раҳбарнинг ва ҳисобчининг имзо қўйишнинг ҳуқуқи бор. Барча моддий ўтказмалар иккисининг имзосиз бажарилмайди. Шу сабаб Максат Токтомушевнинг имзосисиз банкдан олиб чиқолмайди бу суммани», — деди аудитор Дениз Бекишов.

«Фарватер»

Муфтият энг кўп «моддий ёрдамни» «Фарватер» МЧЖга кўрсатилган: 2017-2020 йиллари бу компаниянинг ҳисобига 115 млн 453 минг сом ва 712 минг доллар ўтказилган. 25 декабрга кўра «Фарватер»нинг муфтиятдан 152 минг доллар қарзи борлиги кўрсатилган.

Мазкур компаниянинг эгаси Жантўрў Турдубаев муфтиятнинг ҳисобчиси Женишбай Бекиев билан «Тоготой Ынтымак коому» бирлашмасининг асосчиларидан бири. Бундан ташқари, мазкур жамоат бирлашмасини ташкил қилганлар орасида МХДҚнинг собиқ ўринбосари Жакипбек Байимбетов ҳам бор.

Журналистлар собиқ муфтий Токтомушев, «Фарватер»нинг асосчиси Турдубаев, муфтиятнинг ҳисобчиси Бекиев ва МХДҚнинг собиқ раҳбар ўринбосари Байимбетов Ўш вилоятининг Қорақулжа туманидан эканини очиқлашди — бу собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг юрти.

«Муфтиятнинг молиявий, ҳаж сафарини уюштириш масалаларини доим президент атрофидаги одамларнинг назоратида бўлган. Олдин Икрамжан Илмияновнинг номи кўп айтилган, кейин Асилбек Жээнбековнинг номи айтилди. Нима учун Асилбек Жээнбековнинг номи айтилади? Сабаби Женишбай Бекиевнинг укаси… ҳозир номини унутяпман...ўша бола Асилбек Жээнбеков депутат бўлганда ёрдамчиси бўлиб ишлаган», — деб билдирди журналист Кубатбек Айбашов.

Собиқ президентнинг адвокати Жиргалбек Бабаев «Қорақулжаликларнинг ҳаммасига Жээнбековлар жавоб бермайди» деб, бирор бир фактлар бўлса, тергов органларига мурожаат қилишни таклиф қилди.

Муфтиятдаги моддий қонунбузарликлар

Муфтиятнинг бош ҳисобчиси Женишбай Бекиев 10 февралда миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ходимларига 100 минг доллар «пора бераётганда» ушлаган — бу пуллар муфтиятдаги моддий қонунбузарликларни яшириш учун берилгани айтилган. Шу куни махсус хизмат собиқ муфтий Токтомушевни ҳам ушлаб, бироқ у икки кундан кейин уй қамоғига чиқарилган.

Кейинчалик Токтомушев мурожаат билан чиқиб, МХДҚ ходимлари ундан «пора талаб қилганини» айтган.

6 мартда «Аудит Максат» МЧЖнинг аудиторлори Дениз Бекишов ва Кенжебек Эсенов муфтият 2017-2020 йиллари ҳаж сафарига йиғилган пулларни ишлатишда етакчилик томонидан қўпол қонунбузарликлар бўлганини айтишган. Бундан ташқари, улар Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармасининг бухгалтерлик ҳисоблари халқаро стандартларга жавоб бермаслигини билдиришган — у «оддий мемориал ордер» билан юритилади.

Бироқ аудиторларга нисбатан ариза тушгани сабаб текширув натижаси тўхтатилган. Аудиторлар муфтиятнинг собиқ ходимлари бўлганини, шу сабаб бу манфаатларнинг тўқнашуви экани айтилган.