Собиқ президентнинг адвокати Замир Жоошев фейсбук саҳифасида Бишкек шаҳар суди Алмазбек Атамбаевни уй қамоғига чиқармаётганини билдирди.
Жоошевнинг айтишича, туман судьялари билан апелляция инстанцияларнинг ҳаракати «юқоридан, президент аппаратидан буйруқ кутаётгандай туюлади».
Адвокат қўшимча қилишича, Атамбаевни уй қамоғига чиқаришмагани билан бошқа айбдорлар «уй қамоғига чиққан, беморлари эса хусусий клиникаларда даволанмоқда».
Жоошевнинг айтишича, уй қамоғига чиққанлар ҳам Атамбаевники каби моддалар билан айбланган.
«Атамбаевни уй қамоғига чиқармагани камдай, соғилигини қайта тиклашга имкон беришмаяпти», — деб сўзини тугатди Жоошев.
Атамбаевнинг ишини қайта кўриб чиқиш
Олий суд 30 ноябрда Биринчи май туман ва Бишкек шаҳар судининг собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан ҳукмини бекор қилган. Бу инстанциялар уни «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича коррупцияда айбдор деб топган эди.
Унда суднинг қарори билан иш Биринчи май туман судига қайта кўриб чиқиш учун юборилган.
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Батукаевни ноқонуний бўшатишдаги коррупцияда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш билан 11 йил икки ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Олий суд Атамбаевнинг ишини қайта кўриб чиқишга юборгандан бери Жоошев собиқ президент қамоқда қолдирилмаслиги кераклигини, сабаби унга ҳеч қандай айб қўйилмаганини айтиб келади.
Атамбаев ва Батукаевнинг иши
Ҳукумат Батукаевни ноқонуний озод қилиниши бўйича ишни 2019 йилнинг баҳор ойлари қайта тергов қила бошлаган. Криминал 2013 йили лейкоз ҳақидаги маълумотнома асосида бўшатилган. Кейин тиббий ҳужжат қалбаки экани маълум бўлган.
Батукаевнинг ишини текшириш Атамбаевни собиқ президентлик мақомидан, дахлсизлигидан ва бошқа имкониятларидан маҳрум қилиш сабабларидан бири бўлган.
ИИВ Батукаевни озод қилиниши бўйича иш асосида Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, бироқ собиқ президент терговга келмаган.
Натижада ҳуқуқ тартибот органлари Атамбаевни куч билан қўлга олишган. У Қўйтош қишлоғидаги уйида икки кун давом этган қаршиликлардан сўнг таслим бўлган.
Махсус операция вақтида спесназнинг бир ходими ҳалок бўлиб, юзга яқин одам жабрланган. Бу ишга алоқадор бўлган бошқа амалдорлар тергов билан ҳамкорлик қилиб, жарима тўлашган.