Электрон умумий фуқаролик паспортини бериш кечикмоқда, ДРХ ўринбосари бўшатилди — Ҳукумат

314

Қирғизистонда умумий фуқаролик паспорт (чет ўлкага чиқиш учун паспорт) етишмасдан уни топшириш кечиктирилмоқда. Бу ҳақда 9 мартда ҳукуматнинг матбуот хизмати билдирди.

Ҳукумат электрон паспорт бериш режаси кечикиб амалга ошганини тушунтирди. ePassport (биометрик маълумотлар бўлган паспорт) хизматини ишга тушириш 2020 йилнинг 25 декабрида бошланиши керак эди. Кейин ДРХ 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб электрон паспорт берила бошлайди деб ваъда берган.

Премьер-министр Марипов давлат рўйхатга олиш хизмати раиси Акин Мамбеталиевга бефарқ муносабатда бўлгани учун ҳайфсан бериб, унинг ўринбосари Тилек Батиркановни эгаллаган хизматидан бўшатди.

«Ўз навбатида ДРХнинг раҳбарияти ҳукуматни ePassport бериш бўйича муаммолар борлиги ҳақида хабар беришга ўз вақтида тегишли чоралар кўрмаган», — деб таъкидлашади ҳукуматдан.

Марипов «тез орада миллий умумий фуқаролик ePassport паспортларини беришни йўлга қўйиш» топшириғини берди. Яна тўхтаб қолса, жиддий чора кўрилади.

Шу сабаб Марипов 2021 йилнинг 1 сентябригача яроқлилик муддатни вақтинча узайтирди:

  • Давлат ташқарисида юрган ёки яшаган фуқаролар учун Қирғизистон фуқаросининг 2004 йилги нусхадаги паспортининг муддатини;
  • Давлатдан ташқарида юрган ёки яшаган фуқаролар учун қирғиз фуқаросининг 2006 йилги умумий фуқаролик паспортининг муддатини.

Ташқи ишлар вазирлиги форс-мажор шароит сабаб паспортларни узайтиш ҳақида чет давлатларига маълумот юбориши керак. Бу қирғизистонликлар учун чегарадан ўтиш учун жуда муҳим.

Биометрик электрон паспортлар

Бугундан бошлаб ишдан кетган ДРХ раисининг ўринбосари Тилек Батирканов 2020 йилнинг декабрь ойида янги биометрик электрон паспортлар 2021 йилнинг апрель ойидан берилади деб билдирган.

Унинг айтишича, янги электрон паспортлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг энг яхшиси.

Шунингдек, Батирканов биометрик умумий фуқаролик паспорт давлат чегарасидан ўтганларни идентификациялаш ва ҳисобга олиш сифатини оширади деб айтилган.

«Бу одам сотиш, ноқонуний миграция, чегарани ноқонуний босиб ўтиш, трансчегара жиноятини олдини олиш, аниқлаш ва тақиқлаш ҳаракати таъсирини кучайтириш. Ҳужжатларни фальсификациялаш, ноқонуний фойдаланиш билан курашни кучайтирамиз. Натижада Қирғизистоннинг дунёдаги имижи кўтарилади», — деб билдирган ДРХ раисининг ўринбосари.

Шунингдек, Батирканов ҳукумат электрон биометрик паспортларни жорий қилиш қарорини 2015 йили қабул қилганини таъкидлаган. Қирғизистонда электрон умумий фуқаролик паспорт бериш 2019 йили бошланиши керак эди. Бироқ МХДҚ паспорт сотиб олишга эълон қилинган тендерга боғлиқ ишни текшира бошлагани сабаб процесс чўзилиб кетган.

Можароли тендер ва виза чекловлари

ДРХ 2018 йили электрон паспортларнинг бланкларини олишга 1,2 млрд сомлик тендер эълон қилган эди. Унда тендерга «Қозоғистон Республикаси Миллий банкининг Банкнот фабрикаси» (Қозоғистон), Mühlbauer ID Services GmbH (Германия), IDEMIA Identity and Security France (Франция) ва Garsu Pasaulis (Литва) компаниялари қатнашган.

Натижада хизмат ҳақини 940 млн сомга баҳолаган литвалик Garsu Pasaulis компанияси ғолиб деб топилган.

Бироқ Mühlbauer ID Services GmbH ва IDEMIA Identity and Security France компаниялари тендер қоида бузишлар билан ўтганини билдириб, танлов комиссиясининг қароридан шикоят қилишган.

2019 йилнинг февраль ойида МХДҚ жиноий иш қўзғаб, Garsu Pasaulis компанияси ДРХнинг амалдорлари билан тил бириктириб келишиб олишган деб билдирган. Суд эса тендерлик комиссиянинг қарорини бекор қилган.

Бу иш бўйича «Инфоком» давлат муассасасининг директори Талант Абдуллаев, ДРХнинг статс-котиби Данияр Бакчиев ва ДРХ раисининг ўринбосари Русланбек Сарибаев қўлга олинган. Суднинг қарори бўйича уларга 500 минг сом жарима солинган.

ДРХнинг собиқ раҳбари Алина Шаикова жанжал сабаб ишдан кетиб, давлатдан чиқиб кетган.

ДРХ такрорий тендер эълон қилиб, уни германиялик Mühlbauer ID Services GmbH компанияси ютиб олган.

2020 йил бошида АҚШ Қирғизистон фуқаролари учун виза чекловларини киритган.

Чекловлар иммиграция визалар билан грин-карталарга тегишли бўлган. Унда АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Доналд Лу «Қўшма штатлар қирғиз паспортларининг обрўсини, шунингдек уларни бериш жараёнидан чўқиб турибди» деб билдирган.

Кейинчалик АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси АҚШ президенти Жо Байден 2021 йилнинг 20 январида Қирғизистон учун қўйилган виза чекловини бекор қилганини маълум қилган.

АҚШнинг янги сайланган 46чи президенти Жо Байден Қирғизистоннинг фуқаролари учун қўйилган виза чекловларини киритиш ҳақидаги фармонни бекор қилишни имзолаган. Бу қирғизистонликлар учун яна иммиграция визалар билан грин-карталар олишга йўл очган.

«Биз Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг сўнгги 12 ой ичида саёҳатларга боғлиқ хавфсизликни анча яхшиланганини қўллаймиз. Биометрик идентификация чиплари бўлган қирғиз электрон паспортлар ишлаб чиқилиб, тайёргарликнинг охирги босқичида туради. Бу паспортлар қирғизистонликлар учун хавфсиз ва қулай саёҳат қилишнинг кафолати бўлади», — деб ёзилган элчиликнинг билдирувида.