«Ўт ўчирувчилар кеч келди». Қорасувдаги мактабда ёнғин чиқди, жабрланганлар йўқ

229
Сурат: Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Маданият қишлоғидаги №42 мактабнинг 2 мартда кечки соат 18:28да ёнғин чиқди. Воқеадан жабрланганлар йўқ.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг маълумотига кўра, ёнғин натижасида мактабнинг 262 квадрат метр томи ва 212 квадрат метр ички безаклари куйиб кетган — бу икки синф ва коридор.

«Ёнғинни ўчиришга 3 ўт ўчириш бўлимлари жалб қилиниб, соат 20:15да ёнғин тўлиқ ўчирилган. Ҳозирда ёнғин сабаби аниқланмоқда», — деб берилади ФҲМнинг маълумотида.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электр токи сабаб бўлган.

Мактаб директори Нуржамал Раманова «Т-Медиа» нашрига берган интервьюсида ёнғин вақтида ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди. Шунингдек, ўт ўчириш хизмати 27 дақиқа кеч келганини билдирди.

«Куйган синфларни 1 апрелгача таъмирлашга ҳаракат қиляпмиз. Синфларни сақлаб қолардик, бироқ ўт ўчириш хизмати 27 дақиқа кечикиб келди. Унда ҳам уч машинанинг иккиси тўлиқ сув билан келмаган кўринади. Улар қайтиб бориб сув тўлдириб келгунча ўт иккинчи синфга ўтиб кетди», — деди Раманова.

Куйиб кетган мактабда 461 ўқувчи билим олишади. Мактаб директорининг айтишича, бугундан бошлаб 2-8-синф ўқувчилари онлайн ўқишга ўтказилиб, 1, 9-11-синфлар қишлоқдаги ФАПнинг биносида билим олишади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Баткен вилоятининг Чон-Талаа қишлоғидаги мактаб куйиб кетган. Ёнғин бўлган мактаб 180 ўринли бўлиб, бироқ амалда бу ерда 300га яқин ўқувчи билим олади.