Журналист Болот Темиров АҚШнинг коррупцияга қарши кураш бўйича мукофотини олди

301

Factcheck.kg нашри бош муҳаррири Болот Темиров 23 февралда АҚШ давлат департаментининг «Коррупция билан курашишнинг намунаси» номли мукофотига сазовор бўлди. Бу мукофот биринчи марта дунё бўйича коррупцияга қарши, ҳукуматнинг ошкоралиги учун курашган 12 кишига берилди. Бу ҳақда АҚШнинг Қирғизистондаги элчилиги билдирди.

«Бошқа кўплаган кучли номзодлар билан беллашиб, Темиров жаноблари узоқ йиллар давомида давлат коррупцияси ва уюшган жиноятчиликка эътибор берган суриштирувчи журналист қатори мукофотга эга бўлди», — деб ёзади элчиликнинг матбуот хизмати.

Болот Темировга мукофотни АҚШ элчиси Доналд Лу топшириб, уюшган жиноятчилик ва коррупция – бу бир медалнинг икки томони эканини, Болот Темировнинг иши икки томонни очиб беришини таъкидлади.

«Қирғиз халқи Болот каби эр юрак журналистлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг Райимбек Матраимов ва Камчибек Кўлбаев каби одамларнинг жиноятлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида олиб борган ҳаракатларини қўллайди деган ишончга эга бўлиши керак», — деб таъкидлайди Лу.

Темиров бу мукофотнинг олдинги 12 лауреатининг бири бўлгани у учун «катта фахр» эканини айтиб, биринчи навбатда Қирғизистонни бутун дунё таниётганидан қувонганини билдирди.

«Жамиятдаги салбий кўринишларга қарши курашаётганимизни ва ҳукуматни очиқ иш олиб боришга ҳаракат қилиб, ҳисоботини яхшилаш йўлига тушганини бутун дунё билади. Қирғизистоннинг оммавий ахборот воситалари (ОАВлари) ўлкани яхши томонга ўзгартира оладиган мустақилликнинг ва эркинликнинг даражасига ета олди», – деди журналист.

Элчилик Америка Қўшма Штатлари коррупция билан курашишни биринчи навбатдаги вазифаси қатори кўришини таъкидлади. Шу сабаб 2020 йили АҚШ 41 коррупциялашган хорижлик давлат ходимларини аниқлаб, уларни «Магнитский рўйхати»га киритган.

Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов 22 октябрда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан ушлангандан кейин аёли Уулкан Тургунова билан бирга 2020 йилнинг декабрь ойида «Магнитский рўйхати»га кирган.

«Ҳозирда қўшма штатлар Камчибек Кўлбаевнинг жиноий тармоғини тўхтатишга доир маълумот учун 1 миллион доллар мукофот таклиф қилмоқда. АҚШ Қирғизистон Республикасида ва бутун дунё бўйича коррупцияга ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни қўллашни давом эттиради», — деб якунланади элчиликнинг маълумоти.

АҚШ элчилиги коррупцияга қарши

Матраимов ва унинг аёли санкция рўйхатига киритилиш олдидан Американинг Қирғизистондаги элчиси Доналд Лу қирғиз ҳукуматини уюшган жиноятчиликка қарши курашда етарлича ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилган. Унинг айтишича, мана шу «Клооп», «Азаттык», OCCRP ва Factchechk.kgнинг журналистлари ўз суриштирувлари билан ўлкадаги коррупция схемаларни фош қилишган.

Шунингдек элчи криминал Камчи Кўлбаев билан Матраимовнинг ҳибсга олинишини «Голивуднинг мафия ҳақидаги киносига ўхшатиб», бироқ бу курашнинг «бошланиши бўлиши керак» деб билдирган.

Унда Қирғизистоннинг ТИВ элчи Доналд Лунинг билдирувини «ўлканинг ички ишларига аралашиш ва терговга босим ўтказиш» қатори баҳолаган.

Болот Темиров ким?

Темиров 2018 йилдан бери суриштирувларини чиқариб келаётган Factcheck.kg нашрини бошқаради. Уларнинг суриштирувларида кўпроқ амалдорлар, сиёсатчилар ва уларга яқин одамлар, уларнинг орасида давлат органларидаги коррупция схемалари асосий фигурант.

Шунингдек Factchek.kgнинг журналистлари фейк аккаунтларни фош қилиб, сиёсатчилар билан арбобларнинг суратларини рост-ёлғонлигини (масалан, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни «Азаттык» ва «Клооп»нинг коррупцияга қарши суриштирувида фигурант бўлган Хабибулла Абдукадир билан тушган эҳтимолий суратини) текшириб, Райимбек Матраимовнинг аёлини қимматбаҳо аксессуарлари ҳақидаги шахсий суриштирувини чиқаришган.

Уулкан Тургунованинг (Матраимовнинг аёли) «майда-чуйда» харажатлари ҳақидаги суриштирув берилгандан сўнг нашрнинг сайти DdoS ҳужумга учраган. Factсheck.kg сайтининг суриштирувини бошқа бир қанча йирик қирғиз нашрлари ҳам ўз сайтларида чиқариб, улар ҳам кибер ҳужумга учрашган.

2019 йили январда номаълум уч киши Темировни калтаклашган. Ҳужумни унинг касбий фаолияти билан боғлашган, бироқ милиция ҳужумни «Тунаш» моддаси билан рўйхатга олган. Кейинчалик ҳужум қилганлар топилиб, улар 50 минг сомдан жаримага тортилиб, 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Яқиндан бери Темиров бошқа машҳур суриштирувчи журналист Али Токтакунов билан бирга ишлай бошлади. Улар биргаликда Матраимовнинг «божхона империясини» ва унинг парламент спикери Талант Мамитов билан алоқасини текширишни давом эттиришган.