Ўшнинг бюджети қабул қилинди. Маблағнинг энг кўпи қурулишга, энг ками ижтимоий ҳимояга сарфланади

289
Сурат: Ўш шаҳар мэриясининг матбуот хизмати

Ўш шаҳар кенгашининг депутатлари 18 февралдаги йиғинда шаҳарнинг 2021 йилдаги бюджетини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўш шаҳар мэриясининг матбуот хизмати маълум қилди.

Йиғинда шаҳарнинг бу йилги маҳаллий бюджети 1 млрд 357 млн 700 минг сом деб қабул қилинди. унга кўра, энг кўп маблағ қурилиш тармоғига ажратилди, энг оз пул ижтимоий ҳимоя ва мудофаа тармоғига ажратилади.

  • 29,8 % турар-жой ва коммунал хўжалиги;
  • 29,2 % таълим тармоғи;
  • 22,2 % умумий тармоқдаги давлат хизматлари;
  • 11,1 % иқтисодий масалалар;
  • 6,1 % маданият ва спорт тармоғи;
  • 1,1 % ижтимоий ҳимоя тармоғи;
  • 0,5 % мудофаа тармоғи.

Коронавирус ва солиқлар

Коронавирус пандемияси сабаб ўтган йилнинг 25 мартида Ўш шаҳри ҳудудида фавқулодда ҳолат режими киритилган. Шу сабаб шаҳардаги кўплаган бизнес-субъектларининг фаолияти тўхтатилиб, бюджетга солиқлар тўлиқ йиғилмаган.

Ўшнинг мэри Таалайбек Сарибашов карантиннинг биринчи ойида бюджетга 39 млн сом тушмай қолганини билдирган. Шунингдек, ғазнага умумий 150 миллион сомга яқин маблағ тушмай қолиши мумкин деб тахмин қилинган. Шу сабаб мерия антикризис режа қабул қилиб, айрим тармоқларда маблағларни тежаган.

Бироқ Ўшнинг мерияси Оқбура дарёсининг четини ободонлаштириш лойиҳасини тўхтатган эмас — Сарибашов ўтган йилнинг август ойида биринчи қурилишга капсула солган. Оқбурани таъмирлаш лойиҳасига умумий 252 млн сом ажратилган, унинг 60 млн соми Ўш шаҳар бюджетидан олинади.

Сарибашев Оқбура четига капсула солмоқда. Сурат: Ўш мэриясининг матбуот хизмати

Ўтган йилнинг ноябрь ойида собиқ вице-мэр Саибжан Турдуев Ўшнинг бюджетига тўққиз ой ичида режалаштирилган маблағнинг 102 млн соми тушмай қолганини маълум қилган.

Бироқ 18 февралда биринчи вице-мэр Жилдизбек Турганбаев 2020 йили шаҳарнинг бюджетига режалаштирилган даромадлардан 32 млн сомга кўпроқ тушганини маълум қилди. Бюджетга умумий 1 млрд 135 млн сомдан ортиқ маблағ тушган.