Бишкек шаҳрида ва Ўш вилоятининг Қорасув туманида 19 февралда божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг тарафдорлари митингга чиқишди.
Матраимов «жиноий даромадларни ҳалоллаш» факти бўйича гумон қилиниб, 18 февраль куни МХДҚ томонидан қўлга олинган. Бу вақтгача «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топилиб, 260 минг сом жаримага тортилган.
Митингчилар Райимбек Матраимовни бўшатишни талаб қилишмоқда.
Бишкекдаги митингчилар олдин МХДҚ биноси олдига йиғилди. Уларнинг орасида парламент сайловига «Мекеним Кыргызстан» партиясидан номзод бўлган спортчи Шайлообек Атазов, журналист Элнура Алканова ва Жогорку Кенеш депутати Таабалди Тиллаев ҳам бор. Мазкур партия Матраимовларнинг оиласига тегишли экани айтилади.
Митингга одамларни журналист Алканова фейсбук орқали чақирди. Унинг айтишича, Матраимов икки ойга тергов изоляторига қамалиши мумкин.
«Матраимов 2 млрд сом тўлади. Ўлкадан қочмай, тарафдорларини ташламай, тергов билан келишиб, маънавий жавобгарликдан қочмай, сўроқ бериб судга қатнашди. Ҳеч қаерга қочмайдиган одамни қамашди! Бу ҳуқуқий тартибсизлик!», — деб ёзди Алканова.
Кейинчалик йиғилганлар Биринчи май туман судининг биноси олдига келишди. Бу ерда бугун Матраимовнинг эҳтиёт чораси қаралади.
Қорасув туманидаги митинг «Исмаил Ата» номидаги масжид олдида бошланди. Мазкур масжидни Матраимовларнинг «Исмаил Ата» хайрия фонди қурган.
Кейинчалик митингчилар Қорасув туман маъмуриятининг олдига боришди. Йиғилганлар орасида Матраимовнинг «вакил ўғли» ва Савай қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Мунарбек Сайпидинов ҳам бўлди.
Сайпидинов 12 январда «Лавозимни суиистеъмол қилишда» гумон қилиниб қўлга олинган. Бироқ икки кундан кейин Сайпидинов бюджетга 1 млн сом тўлаб, уй қамоғига чиқарилган.
Журналистик суриштирув
Матраимов «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқариб кетган 700 млн доллардан ортиқ маблағ ҳақида журналистик суриштирувнинг асосий фигурантларидан бири.
Қирғизистонда кўп йиллар давомида республика ҳудудидан контрабанда ташиб ўтишга йўл қўйган коррупция схемаси ишлаб келган. Контрабанда бошида собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан бирга суратга тушган ва собиқ президент Жээнбековнинг қасамёд маросимига қатнашган бизнесмен Хабибулла Абдукадир турган.
Суриштирувда журналистлар бу контрабанда схемаси борлигини исботлашган, манбаларнинг бири эса Аеркен Саймаити у қандай ишлашини айтиб берган. Шунингдек у божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов божхонадаги коррупцияни яширганини, бу ўз навбатида яширин бизнесни ишлашини таъминлаганини билдирган.
Саймаити журналистларга ҳужжатларни бериб, шахсан ўзининг ёрдами билан Қирғизистондан 700 млн доллардан ортиқ маблағ чиқарилганини айтиб берган. Кейин финпол бу маълумотни тасдиқлаб, суммани млрддан ошади деб билдирган. Саймаити суриштирув чиққунча, 2019 йилнинг ноябрь ойида Истанбулдаги кафеларнинг бирида ўлдирилган.
Қирғизистонда ҳукумат алмашгандан кейин МХДҚ Матраимовни ўтган йилнинг 20 октябрда ушлаган. Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Матраимов ва бошқа мансабдор шахслар 2016 йилдан бери давлат божхона тизимида коррупция схемасини тузиб ишлатиб келишган.
Бироқ шу куни Матраимов уйига чиқарилгани маълум бўлган. МХДҚ собиқ божхоначи тергов билан шартнома тузиб, 2020 йилнинг охиригача давлат ғазнасига 2 млрд сом тўлаб беришни ваъда қилганини маълум қилган.
24 декабрда МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев Райимбек Матраимов давлатга 2 млрд сом зарарни тўлиқ тўлаганини билдирган. Бу сумманинг кўпини, аниқроғи 1,4 млрд сомни Матраимов Молия вазирлигининг махсус ҳисобига ўтказган, қолганини савдо маркази ва 9 уй турида берган.
Матраимов Жануби-ғарб ва Шимоли-шарқ божхонасининг собиқ етакчилари Нурлан Раджабалиев ва Абдибахаб Боронбаев билан биргаликда божхонадаги коррупция схемаларни тузишда айбдор деб топилиб, ҳар бирига 260 минг сомдан жарима солган.