Чегара билмас ташаббуслар

420

Чегара чизиғи икки мамлакатни ажратиб туриши мумкин, аммо икки халқни эмас. Буни Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара ҳудудида қўшни бўлиб яшаган аҳоли исботлаб келмоқда.

Охирги йиллари у ерда вазият танглигича қолаётганига қарамай, дўстликни мустаҳкамловчи яхши ташаббуслар ҳам амалга ошириб келинмоқда. Агар Баткен дегандаёқ чегарадаги можаро кўз олдингизга келса, у ҳолда бу баён сиз учун. Қирғизни ҳам, тожикни ҳам баробар йиғлатган қадрдон дўстлар ҳикояси; тожик йигитни боққан қирғиз оиласи; ёнма-ён ўтириб, билим дунёсига шўнғиган ўқувчилар. Яхшиси келинг бир бошидан бошлайлик.

Қирғизни ҳам, тожикни ҳам йиғлатган «Дўстлар» («Достор») спектакли

Ўн йилга чўзилган афғон уруши. Қонли майдонда танишиб, қиёматли дўст бўлишга аҳдлашган икки дўст - бири қирғиз, иккинчиси тожик. Буларни уруш бирлаштирганига қарамай, яна шу «уруш» қайта ажратди. Дўстларни ажратган «тинч замоннинг яширин уруши» – ўттиз йилдан бери давом этиб келаётган чегара низолари бўлиб қолди. Аммо дўстлик, муҳаббат чегара билмайди дейдилар-ку, шу икки нарса бари бир ғалабага эришди - аҳдлашган дўстлар қайтадан қучоқ очишиб, ўғил-қизини уйлантириб, умрбодлик қудалар бўлишди. Бу Боткен драма театри қўйган «Дўстлар» спектаклининг сюжети. Буни чегаранинг нариги томонидаги ҳам, бери томонидаги аудитория ҳам жуда яхши қабул қилиб, оғир мавзуга бағишланган энг яхши асарлардан бири бўлиб қолди.

«Дўстлар» спектаклининг муаллифи – ҚРнинг Халқ артисти Табилди Актан. Саҳналаштирувчи режиссёри – ҚРнинг Халқ артисти Замир Сооронов. Боткен мусиқали-драма театрининг артистлари ўйнаб, спектакль 2019 йилнинг охирида кўрсатилган. Тадбирга Қирғизистондаги ва Тожикистондаги афғон урушининг фахрийлари ҳам таклиф қилинган эди. Залда ўтирганлар қаҳрамонлар билан бирга йиғлаб, бирга кулиб, қаттиқ таъсирланишган.

Спектаклнинг сўнги тўй билан якунланади. Шу ерда сценарийда бўлмаган воқеа юз берди. Залда ўтирганлар ҳам сахнага чиқиб, актёрларга аралашиб рақсга тушиб кетишган.

Адилбек Батиров - 
маҳаллий журналист, икки халқнинг дўстлигига бағишланган бир қатор ташаббусларнинг муаллифи

Чегарадаги тинч ҳаётни таъминлашда мамлакатлар аро келишувлар, шартномаларгина эмас, медиа, театр, маданият ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ҳаммасидан ҳам олдин икки халқни яқинлатишга, бир-бирини тўғри тушунишига бир майдон тузиш лози деб ҳисоблайди. Шу орқалигина биз халқнинг тинчлигини таъминлаймиз. Халқнинг орасида халқона ишларни олиб бормагунча, қуруқ гап билан биз ҳеч қандай муваффақиятга ета олмаймиз. Халқларнинг дўстлигини ҳар бир оиладан, ҳар бир одамнинг юрагидан бошлаш керак.


Спектакль қўйилиши билан тожик томон журналист Адилбек Батиров билан алоқага чиқиб, асарни икки ўлка актёрларининг иштирокида қайтадан ишлаб чиқиб, Қирғизистонда ва Тожикистонда намойиш этиш таклифларини билдиришди. Бу ғоя пандемия сабаб ҳозирча амалга ошмай турибди. Қайтадан одатий ҳаёт тарзи келса, спектакль албатта иккинчи ҳаётига эга бўлади.

Адилбек Батиров журналист қатори спектаклни видео тасвирга олиш, уни кенг аудиторияга тарқатиш жиҳатини ўз масъулиятига олган. Асарнинг таъсирли ерларидан қисқа видеоларни тайёрлаб, ижтимоий тармоққа тарқатишни кўзламоқда.

Чегарадош ҳудудлардаги ёшларнинг қуроли – билим

Экспертларнинг фикрича, чегаралар аниқланганда ҳам қирғиз ва тожик томон ўртасидаги зиддиятлар дарров барҳам топмайди. Бунинг учун чегара ҳамкорлигининг самаралилиги, узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш зарур. Муаммо биринчи навбатда сиёсий эмас, ижтимоий-иқтисодий тарзда ҳал қилиниши лозим. Муҳими чегарадош ҳудудда яшаган икки халқнинг манфаатлари биринчи ўринда бўлиши лозим. Замонавий ёшлар муаммонинг шу томонини яхши тушунади ва улар турли жанжалларни олдини олишда билим, маърифат, коммуникация асосий қурол бўлишини маъқуллашади.

                              Жайлообек Жакшиликов

«Чегарадош ёшлар тармоғи» жамоат бирлашмасини тузган. Ташкилот чегарага яқин ҳудуддаги халқнинг медиасаводини ошириш, бир-бирини таниш орқали стереотипларга нуқта қўйиш бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга оширган.

Эрболот Шадиев

Кўктош қишлоғида ўқитувчи. У Қирғизистон билан Тожикистоннинг ўқувчилари ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш учун амалга оширилган қисқа ўқув курсларини, спорт мусобақаларини уюштирганларнинг бири.

Эрболот Шадиев Баткеннинг Кўктош қишлоғидаги Шайдулла Гани номидаги ўрта мактабда тарих ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Ҳозир у миграция сабаб вақтинча чет ўлкада. Педагог чегара муаммоларини ҳал қилишда ўқувчиларга маърифат, уларга икки халқ ўртасидаги тинчликни, коммуникацияни аҳамиятли экани ҳақида маълумот етказиш керак деб ҳисоблайди. Эрболотнинг ёрдами билан чегарадош қишлоқдаги икки томоннинг ўқувчиларига рус тили, тикувчилик, футбол бўйича қисқа ўқув курслари, спорт мусобақалари уюштирилган.


Эрболот Шадиев: Чегара муаммоларини ҳал қилишда давлатнинг ҳаракатларини кутмай, ҳар томонлама ишлар бажарилса, натижа бўлади деб ишонаман. Асосий йўналишлардан бири – ёш авлодга миллатлараро муносабат, қўшничиликнинг энг яхши намунаси, жанжалларнинг оқибатлари ҳақида тўғри маълумот етказиш. Шу билан бирга қирғиз ва тожик ёшлари азалдан турли мақсаддаги умумий майдонларга йиғилиб, бир-бирини таниса, самара кутса бўлади. Бизнинг ўқув курсларимиз, спорт мусобақаларимиз шу мақсадни кўзлайди. Бундан ташқари, бизнинг майдонлар орқали қирғиз ва тожик ёшлари мессенжерларда гуруҳлар очиб, маълумот алмашишни йўлга қўйди. Натижада чегарадан ўтиб кетган ҳайвонларни топиш анча осон бўлди.


Рус тили бўйича курсга умумий 60 ўқувчи жалб қилинган. Тожикистондаги гуруҳда 15 тожик, 15 қирғиз бола ўқиса, Қирғизистондаги гуруҳдаги ўқувчилар ҳам худди шундай танланган. Бундан ташқари, қизлар учун тикувчилик, болалар учун футбол бўйича ўқувлар ташкил қилинган.

Жайлообек Жакшиликов бошлаган «Чегарадош ёшлар тармоғи» ташкилоти ҳам ёш авлодга эътибор қаратиб, маърифат бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга оширган. Чегара қишлоқларидаги ўқитувчилар медиасаводлилик бўйича ўқитилди. Сабаби одатда чегара муаммолари аниқланмаган маълумотлар сабаб чиқиши мумкин ёки нотўғри маълумотлар зиддиятни кучайтириши мумкин. Шу сабаб ўқитувчилар медианинг замонавий талабларини ўрганиб, уни ўқувчиларга тарғиб қилиш жуда муҳим.
Жамоат бирлашмаси амалга оширган самарали лойиҳаларнинг охиргиси - «Менинг янги оилам» реалити-шоуси. Унда қирғиз йигит Тожикистондаги оила билан, тожик йигит эса Қирғизистондаги оила билан ўн беш кун бирга яшаб, қаҳрамонлар қўшни давлатни, бу ердаги одамларнинг ҳаётини, урф-одатини ўрганади.

Дўстлик уруғини сочган газета

Баткенлик журналист, халқ дўстлигига кўприк бўлган Адилбек Батировнинг ташаббуси билан чоп этилган «Достук-Дустй-Дружба» газетаси – ҳақиқий халқ ташаббусларининг ёрқин мисоли. Уч тильда чиқаётган нашрнинг мақсади – қирғиз-тожик дўстлигини мустаҳкамлашга, чегарадаги можароларни олдини олиш ва муҳим масалалар бўйича аҳолига тўғри маълумот етказиш. Уч йил давомида узлуксиз чиқарилган газета Қирғизистоннинг Баткен, Тожикистоннинг Соғди вилоятларининг чегара ҳудудларидаги турғунларга бепул тарқатилган.

Адилбек Батиров журналист

Интернет, ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан бирга чегара қишлоқларида бўлган можаролар ҳам янги босқичга чиқди. Энди дезинформация, фактларни ўзгартириш билан икки томонлама келишмовчилик интернетда ҳам ўрин олмоқда. Айрим бузғунчилар нотўғри маълумот тарқатишга ўтди. Шу сабаб дўстлик учун газета чиқариш ғояси пайдо бўлган. Таклифимизни ўзимизнинг ҳам, қўшни давлатнинг ҳам маҳаллий ҳукумати қўллаб, рухсат олдик. Лойиҳага БМТнинг Ривожлантириш дастури, ЕХҲТ ёрдам бериб, тиражи 10 минггача етган рангли газета орқали чегара ҳудудларига маълумот тарқатдик.


«Достук» газетаси ҳозир моддий ёрдам йўқлиги учун чиқмаяпти. Адилбек Батиров бу вақтинча эканига ишонади. Ўлкада сиёсий вазият барқарорлашса, маҳаллий ҳукумат вакиллари тинчликни ўрнатишда медианинг ўрнини тўғри тушуниб, газетани қайта чоп эттиришга эътибор қаради деб умид қилади.
Газета 16 саҳифада рангли бўлиб, 5 минг, баъзан эса 10 минг тираж билан чиқади. Контент сиёсатдан ташқари тайёрланиб, маданият, урф-одат, борди-келдига кўпроқ эътибор қаратилган. Бундан ташқари, савол-жавоб рубрикасида чегарага боғлиқ муҳим масалалар бўйича тушинтирмаларга ўрин берилади.


Чегара – бу икки давлат ўртасида аниқ ўрнатилган чизиқ эмас. Бу биринчи навбатда азалдан борди-келди қилиб кун кечириб, турмуши бир-бири билан мустаҳкам боғланган халқ. Шу сабаб муаммони ҳал қилиш юқори даражадаги музокаралар билангина ҳал қилинмай, чегарада тирик қалъа бўлиб турган халқнинг ижтимоий-иқтисодий муҳтожлигини қаноатлантириш, у ердаги ёш авлодга сифатли билим бериш, маҳаллий миқёсда маданиятга, медиага ҳам эътибор қаратиш шарт. Албатта, Адилбек Батиров, Эрболот Шадиев, Жайлообек Жакшиликов каби тинчликпарварларнинг ҳиссаси катта. Бироқ улар ҳар доим ёрдамга муҳтож. Одатда, чегара муаммоларини олдини олишга, икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган энг яхши ташаббусларни халқаро ташкилотлар қўлловга олади. Агар бу қўллов мамлакат томонидан изчил ва мунтазам олиб борилса, самарали бўлиши муқаррар. Чегара жанжалларининг оқибатларини бартараф қилишга қараганда олдини олишга ресурсни сарфлаш доим фойдали.
Мақоланинг асли қирғиз тилида t-media.kg сайтида қирғиз тилида эълон қилинган
"Мазкур видео/фильм/дастур/аудио ёзув Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида тайёрланган. Ушбу видео/фильм/дастур/аудио ёзувнинг мазмуни учун "муаллиф исми/ҳамкор номи" жавобгар ҳисобланади ва у Европа Иттифоқининг нуқтаи назарини акс эттирмайди".