«Граф» деб аталган миллиардер Алижан Ибрагимов коронавирусдан вафот этди

260

Қозоғистонлик бизнесмен Алижан Ибрагимов коронавирус сабаб 3 февралга ўтар кечаси вафот этди. Бу ҳақда «Eurasian Resources Group» ишхонасининг матбуот хизмати билдирди — марҳум бу компанияда директорлар кенгашининг аъзоси бўлган.

Дастлабки маълумотлар бўйича 67 ёшли Ибрагимов Бельгияда даволанаётган бўлган. «Граф» лақаби билан танилган бизнесменнинг жасади Чуй вилоятининг Тоқмоқ шаҳрига дафн қилинади.

«Forbes» нашри Ибрагимовнинг бойлиги 2020 йилнинг октябрига кўра 900 млн долларни ташкил қилишини ёзган.

Ибрагимов 1953 йили Ўзбек ССРининг Фарғона вилоятида туғилган. Кейинчалик унинг оиласи Тоқмоқ шаҳрига кўчиб келган. Тадбиркорликни эса 1989 йили Қозоғистонда бошлаган.

Атамбаев билан алоқаси

Алмазбек Атамбаев

2019 йилнинг 27 июнида Жогорку Кенеш депутатлари собиқ президент Алмазбек Атамбаевни «собиқ» мақомидан маҳрум қилиб, унинг дахлсизлигини бекор қилган. Аввалроқ махсус депутатлар комиссияси Атамбаевга нисбатан олти айб қўйиб, Бош прокуратура унинг бештасини маъқуллаган.

Айбловларнинг бирида Атамбаев бизнесмен Ибрагимовга қарашли «Рассвет Компани» ва «Прогресс Компани» фирмалари орқали Бишкек ИEМга ноқонуний кўмир ташишга алоқаси борлиги айтилган. Бунга собиқ бош прокурор Аида Салянованинг 2016 йилнинг 1 декабрида фейсбукда ёзган пости сабаб бўлган.

Салянованинг айтишича, Атамбаев 2014 йилги кўчманчилар ўйинларида «Граф»га унинг компанияси Бишкек ИEМга узлуксиз кўмир етказиб беради деб сўз берган.