Молия полицияси Қирғизистондан Россияга бўлган авиачипталарнинг нархини асоссиз кўтарилаётгани бўйича текширувни бошлади. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, ҳуқуқ тартибот органлари Бишкекдаги авиакассаларнинг биридан текшириш учун «Бишкек — Москва» йўналиши бўйича чиптани 67 минг 800 сомга сотиб олишган.
«Парвоз нархи туроператор томонидан сунъий йўл билан кўтарилгани аниқланди. У талаб юқори бўлганидан фойдаланиб, авиачипталарнинг нархини ноқонуний кўтарган», — деб берилади Молия полициясининг маълумотида.
Молия полицияси бу воқеа бўйича судгача текширув ишларини бошлади.
Коронавирус пандемияси сабаб Россия қирғизистонликларни ҳаво йўллари орқали киришига чекловлар киритган. Транспорт вазирлигининг маълумотига кўра, Россияга Қирғизистондан ҳафтада бир марта рейс бўлгани учун чипталарнинг нархи камида икки марта кўтарилган.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатнови
Россия Қирғизистон билан авиа қатновни 2020 йилнинг 21 сентябридан бошлаб тиклаган. Бу вақтда Россиянинг коронавирусга қарши штаби самолётлар Бишкекка ҳафтада бир марта келишини билдирган.
Парвозлар йўлга қўйилгандан кейин «Аэрофлот»нинг офиси олдида Россияга чипта сотиб олмоқчи бўлганлар билан уни алмаштиришни истаганларнинг навбати яралган. Уларни офисга рўйхат билан киритиб, айримлар бир неча кун навбат кутиб туришига тўғри келган. Бундан ташқари, чипта нархи анча қимматлаб, 25 минг сомдан 130 минг сомгача етган.
Икки давлат ўртасидаги ҳаво қатновлари ўтган йилнинг баҳор ойларида пандемия сабаб тўхтатилган – шундан бери кўпинча Қирғизистонга қайтган фуқароларни олиб келган самолётлар қўниб турган.
Россияда юз минглаган қирғизистонлик ишлайди, уларнинг кўпчилиги самолётда қатнайди. Шу сабаб ҳаво қатновлари очилиши билан чипталарга бўлган эҳтиёж кескин ортган.
ИТАР-ТАССнинг маълумотига кўра, Россиянинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлган «Урал ҳаво йўллари» 2019 йили 9,5 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат қилган.