Коррупциялашган схема ва яширин бизнес. Дори-дармондан қандай пул ишлашади?

369
Суриштирувдан скрин

«Азаттык» нашри фармацевтика компанияларнинг ноқонуний йўл билан олиб келган дориларининг хавфсизлиги бўйича суриштирув ўтказди. «Клооп» журналистик суриштирувни баён қилади.

«Қирғизистонга ноқонуний йўл билан ҳар йили 5 млд сомлик дори-дармон кириб туради. Бу дорилар республика ҳудудидаги дорихоналарга ва бозорларга сотувга чиқади. Уни назорат қилувчи «Дори-дармон ва тиббий техникалар билан таъминлаш департаменти»нинг ўзида коррупция схемаси илдиз отиб, тартибсизлик бўлган», — деб бошланади суриштирувда.

Дори-дармон бозорлари

Бишкек шаҳридаги Ўш бозори. Суриштирувдан скрин

Ноқонуний дори бозорларидан бири Бишкек шаҳридаги Ўш бозорида жойлашган. Бу ердан шифокорнинг рецептисиз сотилмайдиган дориларни ҳам топса бўлади. Шунингдек, харидорларнинг оқиб келишини ҳам сабаби бор — дорилар арзон нархда сотилади.

Тиббиёт эксперти Бермет Барктабасова мазкур бозорда сотувда антибиотиклар кўплигини айтади. У мухбирга интервью беришдан олдин атайлаб дори бозорини айланиб чиққан.

«Антибиотиклардан кўп фойдаланиш соғлик учун зарар. Ҳар бир дорининг ўзини сақлаш қоидаси бўлади. Айниқса, ёз ойларида айрим дорилар керакли ҳароратда сақланмаса, у заҳарга айланиб қолиши мумкин. Мени ҳайрон қолдиргани ориқлатувчи ва эркаклик потенциясини кўтарадиган дориларни кўпайиб кетгани бўлди. Бу жуда хавфли», — дейди Барктабасава.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда вақти-вақти билан дори бозорларида рейд ўтказиб туришади. Бироқ бу муаммони ҳал қила олмайди. Сабаби сотувчилар беш дақиқада контейнерларни ёпиб, йиғиштириб қўйишга улгуришади.

Лицензияси йўқ дорилар

Ноқонуний йўл билан олиб келинган дорилар фақат бозорларда сотилиб, қонуний йўл билан келган дорилар эса дорихоналарда сотилади дегани тўғри эмас. Ноқонуний йўл билан келган дориларни ҳамма жойдан топиш мумкин.

«Қирғизистонда рўйхатдан ўтган дориларнинг рўйхати «Дори-дармон билан таъминлаш департаменти»нинг сайтига жойлаштирилган. Агар сиз сотиб олган дори бу рўйхатда йўқ бўлса, демак бу контрабанда. Қайси давлатда тайёрланиб, қандай клиник синовдан ўтгани номаълум», — деди суриштирувчи.

Журналист Бишкекнинг дорихоналарида лицензияси йўқ ва рўйхатдан ўтмай сотилаётган икки дорини топган. Унинг бири — Траумел деб аталади. Унинг кўрсатмасида турли жароҳатга ва шишларга қарши фойдаланса бўлиши ёзилган. Унинг нархи бир дорихонада 685 сом бўлса, яна бирида 800 сом деб турибди.

Дорихоналарнинг сотувчилари харидорга дори сотаётган вақтда унинг лицензиясини кўрсатиши керак. «Феникс и КО» дорихонасининг ходими Траумел охирги бир ойдан бери сотилаётганини айтди. У департаментнинг рўйхатидан ҳам ўтмаганини айтиб, бироқ жароҳатларга яхши ёрдам беришини таъкидлайди.

Мазкур дорихонага Мукамбетов Нурлан Касенович эгалик қилади. Бу кишининг ўзи Миллий онкология марказида врач бўлиб ишлайди. Журналистлар бу врач билан телефон орқали суҳбатлашган, бироқ шифокор саволларга жавоб бермай телефонни ўчирган.

Пойтахтда яна бир Вазопрастан деган рўйхатдан ўтмаган дори сотилади. Бунинг бир қутисининг баҳоси 24 минг сом туради. У қон артериялари касаллигига қарши қўлланилади.

Вице-премьер-министр Элвира Сурабалдиеванинг айтишича, дори-дармон бўйича «коррупционерлар»га жиноий иш қўзғалмайди, кўп ҳолда жарима тўлаш билан чекланишади.

Дориларнинг хавфлилиги

Бироқ департаментнинг рўйхатидан ўтган дорилар ҳам контрабанда йўли билан келган ҳолатлар ҳам бор. Барктабасова бундан бир неча йил олдин махсус комиссия департамент фаолиятини текширган вақтда ўнга яқин дорининг лицензияси, сертификати йўқлигини айтади. Дорида кўрсатилган заводнинг алоқа телефонлари ҳам ишламаган. Қолаверса, унга босилган муҳр ҳам қалбаки экани аниқланган. Шу сабаб қонуний йўл билан келган дориларни ҳам сифатли деб аташ қийин.

Фармкомпаниялар чет давлатдан бирор бир дорини олиб келишдан олдин «Дори-дармон билан таъминлаш департаменти»дан рўйхатдан ўтиши шарт. Рўйхатга қўйиш олти ой давом этади. Бу орада мазкур департамент дорига тегишли ҳужжатлардан тортиб, унинг сифатигача текшириб чиқиши керак. Текширув битгандан кейин фармкомпанияга рухсат сертификати берилади.

Шунингдек дорилар чегарадан ўтгандан кейин яна бир марта лабораториядан ўтиб, кейин сотувга чиқарилиши шарт.

Коррупциялашган департамент

«Дори-дармон ва тиббий техникалар билан таъминлаш департаменти» Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги энг коррупциялашган муассаса бўлиб саналади. Бу ҳақда суриштирувчига департаментда ишлаган ходим анонимли тарзда айтган.

«Чет мамлакатдан дори олиб келиш учун олти ой вақт кутгиси келмаган фармкомпаниялар 3-4 ойда сертификат олгиси келади. Бунинг учун улар департаментга 3 мингдан 8 минг долларгача пора беришади», — дейди ходим.

Шунингдек мазкур департаментда ишлаган кўпчилик ходимлар фармбизнес билан шуғулланади. Уларга бундай бизнесни очиш қулай ва осон. Сабаби фармкомпаниялар уларга ёрдам бериб, дориларни арзон, қолаверса насияга ҳам бериб туришади.

«Аракет» МЧЖ «Дори-дармон билан таъминлаш департаменти» етакчисининг ўринбосари Мавлянбек Абдиевга қарашли. У янги очилганда отасининг номига рўйхатга олиб, раҳбар қатори ўзининг аёлини кўрсатган. Ҳозир уни яна куёвининг номига ўтказиб қўйган.

Абдиев ўзи яқинлари номидаги компанияларга ёрдам беролмаслигини айтади.

Шунингдек, департаментда дорихоналарнинг фаолияти ва дориларни сотилиши, сақланишини назорат қилган фармацевтик инспекция ишлайди. Уни Нурдин Кагаздиев бошқаради. Унинг оиласи ҳам фармбизнес билан шуғулланади.

Фармацевтика товарларини сотган «Адинай» МЧЖ Кагаздиевнинг отасини номига рўйхатга олинган, «Лидер Азия» компаниясига эса қайнаопаси эгалик қилади. «Лидер Азия» дори-дармонларни улгуржи сотади.

Кагаздиев ҳам қариндошлари номига рўйхатга олинган фармбизнесга аралашмаслигини айтади. Бироқ унда фармкомпанияларга таъсир қиладиган ҳуқуқ бор. Сабаби у бошқарган бўлим дорихоналарни текшириб, қонунбузарлик аниқланса чора кўра олади.

«Бироқ ҳаммасининг бир-бири билан алоқаси бўлиб, икки томонга ҳам фойдали бўлгани учун очиқлаш ва тарқатиб юбориш қийин бўлмоқда», — дейди аноним ходим.

«Дорини рўйхатга олиш учун сўралган 10 минг доллар»

«Гепатитга йўл йўқ» бирлашмасининг раҳбари Нургази Батирбековнинг айтишича, Алафенамид номли дорини рўйхатга олиш учун ҳиндистонлик компаниядан департаментдаги эксперт 10 минг АҚШ доллари сўраган.

«Департамент турли сўровлар билан чўзиб, бу дорини бир йилгача рўйхатдан ўтказмаган. Биз қайта-қайта лицензияси бор, рўйхатдан ўтган дорини ичишимиз керак деб сўрайверганимизда, улар менга «эксперт 10 минг доллар сўрашяпти. Биз нима қилишни билмаяпмиз» деб айтишди. Кейин мен ижтимоий тармоқларда айтишга мажбур бўлдим», — деган Батирбеков.

Бош прокуратура Батирбековнинг билдирувини текшириб, ҳиндистонлик фармкомпания таклиф қилаётган дорини рўйхатга олмасликка асос йўқ деган хулосага келган. Кейинчалик «рўйхатдан ўтказиш учун 10 минг доллар» сўраган мутахассис ишдан четлатилган.

Батирбековга бу воқеадан кейин ҳиндистонлик фармкомпанияларнинг ходимлари телефон орқали боғланган.

«Воқеадан кейин у Ҳиндистон фармкомпанияларига ҳукуматда ишлаган ва бошқа «катта» одамлар чиқиб уларни қўрқита бошлабди. Кейин улар менга «биз тинч ишлашни истаймиз. Шу сабаб ҳеч кимнинг устидан ариза ёзмаймиз. Бу уларни доридан [алафенамид — ред.] бошқа препаратларни регистрация қиламиз, шунга душман орттиргимиз келмайди» дейишди менга», — дейди бирлашма етакчиси.

Дориларни электрон маълумот базасини тузиш ҳаракати

Департаментда коррупциялашган схема йўлга қўйилганини ижройи ҳукуматнинг ҳам хабари бор. Буни бартараф қилиш мақсадида 2018 йилдан бери дориларнинг электрон маълумот базасини тузиш ҳаракати бормоқда. Унга кўра, дори-дармон воситаларини ташиб етказувчиларни назоратга олишга, ишлаб чиқаришдан бошлаб истеъмолгача назорат қилишга шароит тузилади.

«Соғлиқни сақлаш вазирилиги, Дори-дармон билан таъминлаш департаменти, ҳудудлардаги касалхоналарнинг етакчилари ҳаммаси бир-бири билан келишиб, коррупциялашиб қолишган. Буларда ҳалол ишлайлик деган тушунча йўқ. Ҳукумат аппаратида тўсқинликлар бўлмоқда. Мен берган ҳужжатларни «чўзиб» қарашмаяпти, сабаби ҳаммасининг бир-бири билан алоқаси бор», — дейди Сурабалдиева.

Дориларнинг электрон маълумот базасини тузиш учун Туркия дастурни бепул бермоқчи бўлган. Шунингдек, Жаҳон банки ҳам 368 минг доллар ажратган. Қолган харажатни Қирғизистон ўзи ўтказиб, 2020 йилнинг охиригача ишга киритиш режалаштирилган эди. Бироқ давлатдан пул берилмагани учун тўхтаб турибди.

Туркия эса бу дастурни йўлга қўйиб олган. Улар дорилар чет ўлкадан келиб, истеъмолчиларнинг қўлига теккунча бўлган жараённи назорат қила олишади.

Ўлкадаги дори-дармонларнинг хавфсизлигига, тиббий воситаларнинг сифатини назорат қилиш аҳамиятли эканини Covid-19 касаллиги кучайган вақтга билинган. Бу бўйича махсус пандемия вақтида келган гуманитар ёрдам бўлиштирилишини ўрганувчи муассасалараро комиссия ҳам тузилган. Комиссиянинг хулосаси яқин кунларда маълум қилиниши Сурабалдиева билдирган.

Қирғизистонда 6 788 дори «Дори-дармон ва тиббий техникалар билан таъминлаш департаменти»нинг рўйхатидан ўтган. Уларнинг 97% хорижий давлатлардан келади. Уларнинг орасида Россия олдинги ўринда туради. Кейин Ҳиндистон, Германия. Дори бизнеси билан шуғулланган компанияларнинг сони 200дан ортиқ. Дорихоналарнинг сони эса 3 200ни ташкил қилади. Уларнинг кўпчилиги Бишкек шаҳрида жойлашган.

Фармкомпаниялар етакчиларига нисбатан судгача бўлган текширув

Бундан бир йил олдин июлда финпол ўлканинг йирик фармкомпанияларининг раҳбарларига нисбатан бир неча судгача бўлган текширув ишлари бошланганини хабар қилинган.

Маълумотга кўра, муассасага «Жамият коррупцияга қарши» ва «Ташаббусли ёшлар маркази» жамоат ташкилотлари ариза билан мурожаат қилишган. Улар йирик фармкомпаниялар дори-дармонларнинг сунъий танқислигини яратишаётганини ва кўтарилган нархларнинг фактларини кўрсатишган.

Дорихоналарда олиб борилган рейд давомида муассасанинг ходимлари кўп фойдаланилган препаратларнинг нархлари қимматлатилганини аниқлашган.